Келажак бунёдкорларини тарбиялаётган устозлар эъзозланди
Инсон қалбига нур, онгига маърифат, ҳаётига йўл-йўриқ бағишлайдиган шарафли касб эгалари — устоз ва мураббийлар куни Сирдарё вилоятида ҳам кўтаринки руҳда нишонланди. Вилоят марказидаги муҳташам амфитеатрда ўтказилган тантанали тадбирда таълим-тарбия соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилган, ёш авлод камолотига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи педагоглар алоҳида эъзозланди.
Тадбирда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов сирдарёлик устоз ва мураббийларни касб байрами билан табриклаб, таълим сифатини оширишда педагоглар меҳнати муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Сўнгги йилларда таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, янги муассасалар барпо этилмоқда, ўқув дастурлари янгиланмоқда, замонавий педагогик ва рақамли технологиялар жорий қилинмоқда. Педагогларнинг меҳнати ва касбий ривожини рағбатлантиришга ҳам эътибор кучайтирилди.
Бугун Сирдарё вилоятида 325 нафар педагогнинг ойлик иш ҳақи минг доллардан ортиқ. Яна 200 нафар ўқитувчига 70 фоиз миқдорида устама тўланмоқда. 2026/2027 ўқув йилидан давлат олий таълим ташкилотларининг кундузги бакалавриатида контракт асосида таҳсил олаётган педагоглар фарзандларига контракт тўловининг 30 фоизи миқдорида чегирма берилиши белгиланди.
Вилоят педагогларининг касбий кўрсаткичлари ҳам эътиборга молик. Сўнгги тўққиз йилда 50 нафардан ортиқ сирдарёлик ўқитувчи ва мураббий давлат мукофотлари билан тақдирланган. 360 нафар педагог «Халқ таълими фидойиси» ва «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишонларига сазовор бўлган.
Жорий йилда 11 нафар сирдарёлик педагог «Йил ўқитувчиси» республика танловида ғолиб бўлиб, ҳар бири 616 миллион сўмдан бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилди. «Касбий маҳорат етакчиси» республика танловида Сирдарё вилояти Педагогик маҳорат маркази директори Гуласал Бердалиеванинг ғолиб бўлгани ҳам вилоят таълим тизимидаги муҳим кўрсаткичлардан бири бўлди.
[gallery-31704]
— Бундай ютуқлар, аввало, устозларнинг касбига садоқати, изланиши ва шогирдлар келажагига бўлган масъулияти самарасидир. Педагог меҳнатининг ҳақиқий самараси унинг шогирдлари эришаётган ютуқларда намоён бўлади, — деди Эркинжон Турдимов.
Бу фикрлар ўқувчиларнинг кўрсатаётган ютуқларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Жорий йилда сирдарёлик битирувчиларнинг 318 нафари муддатидан олдин талаба бўлди, 38 нафари хорижий олий таълим муассасаларининг грантларини қўлга киритди.
Вилоят тарихида илк бор Хитойда ўтказилган 67-халқаро математика олимпиадасида сирдарёлик ўқувчиларнинг медалларга сазовор бўлиши ҳам таълимдаги изланишлар самарасини кўрсатди.
Мураббийлар саъй-ҳаракатининг самараси спортдаги кўрсаткичларда ҳам намоён бўлмоқда. Айни пайтда Япониянинг Нагоя шаҳрида ўтказилаётган ёзги Осиё ўйинларида вилоят спортчилари 1 та олтин, 9 та кумуш ва 5 та бронза — жами 15 та медални қўлга киритди.
— Устоз меҳнатининг самараси фақат бугунги кўрсаткичлар билан чекланмайди. Унинг самараси шогирднинг билими, ютуғи ва келажакдаги ўрнида намоён бўлади. Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиеванинг «Муаллим деб болаларга ҳарф танитган, халқни танитган одамларга айтилади», деган сўзлари ҳам ана шу ҳақиқатни ифодалайди, — деди вилоят раҳбари.
Бугун Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улкан мақсад олдинга қўйилган бир пайтда устоз ва мураббийларнинг масъулияти янада ортмоқда. Чунки бугунги дарс ва тарбия эртанги жамиятнинг билимли, малакали ва фаол авлодини шакллантиради.
Тантанали тадбирда таълим-тарбия соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилиб, баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган 4 нафар фидойи устоз давлат мукофоти билан тақдирланди.
Шунингдек, «Йил ўқитувчиси» республика танловида ғолиб бўлган 8 нафар педагог 616 миллион сўмлик сертификатлар билан рағбатлантирилди. Таълим-тарбия соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилган устозларга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари топширилди.
— Бу йил мен учун омадли келди десам муболаға бўлмайди. Чунки «Йил ўқитувчиси» республика танловида иштирок этиб, ғолиблар сафидан жой олдим. Бунинг учун, аввало, муҳтарам Президентимизга, мени қўллаб-қувватлаган яқинларимга, фаолият юритаётган мактабимдаги меҳри дарё, қалби пок, илмга чанқоқ ўқувчилар таълим-тарбиясига масъулият билан ёндашадиган педагоглар жамоасига катта раҳмат айтаман.
Ростини айтсам, «Йил ўқитувчиси» бўлиш орзум эди. Аммо унга эриша олармиканман деган савол кўп ўйлантирарди. Ҳамма нарса ният, интилиш ва ўз устида ишлашга боғлиқ, дейишади. Мен буни мана шундай қувончли кунда, яъни Ўқитувчи ва мураббийлар байрами арафасида ҳис этдим. Шу боис бу байрам мен учун қўшалоқ байрам, — дейди Ширин шаҳридаги 3-сонли умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Сайёра Бердиёрова.
Байрамнинг тантанали қисми пойтахт ва маҳаллий санъаткорлар иштирокидаги театрлаштирилган концерт дастури билан давом этди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат), ЎзА