“Лаҳзалар чорраҳаси”: теран фикрлар тўплами
Бугунги глобаллашув даврида инсон маънавиятини юксалтириш, китобхонлик маданиятини тарғиб этиш ва адабий жараёнларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди. Зеро, адабиёт — халқнинг юраги, унинг ўтмиши ва келажагини боғловчи маънавий кўприкдир. Айниқса, фикрни қисқа ва лўнда, аммо теран ифода этувчи тўртлик жанри ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётида алоҳида мавқега эга.
Тошкент кимё-технология институтининг Сирдарё вилояти филиалида бўлиб ўтган адабий-маърифий анжуман айнан шундай ижодий изланишлар самарасига бағишланди. Тадбирда янгиерлик ижодкор ва шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Мустафо Жўранинг “Лаҳзалар чорраҳаси” номли янги тўртликлар тўплами кенг жамоатчиликка тақдим этилди.

Тақдимот маросимида пойтахтдан ташриф буюрган таниқли адабиёт намояндалари — шоир ва таржимон, Рудакий мукофоти соҳиби Одил Икром, адиб Абдунаби Бойқўзиев, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети профессори Гўзал Бегим, шоира Ойдиннисо ҳамда маҳаллий ижодкорлар, олимлар ва талаба ёшлар иштирок этди.

Институт филиали директори ўринбосари Отабек Абдуғаниев анжуманни очар экан, бу каби учрашувлар талаба-ёшларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш ва уларда миллий адабиётга бўлган меҳр туйғусини шакллантиришда беқиёс аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Сўзга чиққан маърузачилар, хусусан, профессор Гўзал Бегим асарнинг услубий ўзига хослигига тўхталиб, Мустафо Жўра ижодида тиббиёт ходимига хос диққат ва шоирона нафосат мужассамлигини қайд этди. Тўпламдаги тўртликлар чуқур фалсафий мушоҳадаси, ихчам ва таъсирчан ифодаси билан ажралиб туради. Таниқли адиб Абдунаби Бойқўзиев эса кейинги пайтларда бироз эътибордан четда қолган тўртлик жанри Мустафо Жўра ижодида янгича мазмун ва маҳорат билан бойитилганини эътироф этди.

— Ижодкор салоҳияти асарнинг ҳажми билан эмас, балки ундаги фикр теранлиги ва ўқувчи қалбига етиб бориш қуввати билан ўлчанади, — деди шоир Одил Икром. — “Лаҳзалар чорраҳаси” даги ҳар бир сатр ўқувчини мушоҳадага чорлаши билан аҳамиятлидир.

Қайд этилганидек, тўпламда ҳаёт, инсон тақдири, вақт қадри ва маънавиятга оид афористик фикрлар лўнда сатрларда ифодаланган. Тадбир давомида хорижий меҳмонлар томонидан асарни бошқа тилларга таржима қилиш ва халқаро миқёсда тарғиб этиш борасидаги ташаббуслар ҳам илгари сурилди.

Мустафо Жўранинг ушбу тўплами замонавий ўзбек шеъриятида тўртлик жанрининг имкониятлари ҳали кенглигини яна бир бор исботлади. Мазкур тақдимот нафақат бир китобнинг тақдими, балки вилоятдаги адабий муҳитнинг жонланиши, устоз-шогирд анъаналарининг бардавомлиги ва ёшлар маънавиятини бадиий сўз орқали бойитиш йўлидаги хайрли қадам бўлди. Шоирнинг “Лаҳзалар чорраҳаси” да туғилган фикрлари китобхонлар учун ҳаётий хулосалар чиқаришда муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири