Касбий малакани ошириш юзасидан семинар
Нукусда “Оммавий ахборот воситаларида суд органлари фаолияти ва суд жараёнларини ёритишда журналист ва блогерларнинг касбий малакасини ошириш” мавзусида халқаро семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида фаолият юритаётган журналист ҳамда блогерлар учун ташкил этилган мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси офиси ҳамда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилди.

Семинар-тренинг доирасида хорижий экспертлар томонидан суд ва ҳуқуқий репортажларни тайёрлашнинг замонавий усуллари, ҳуқуқий репортажларнинг мақсади ва долзарблиги, жамоатчилик фикрини шакллантиришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда очиқ ва одил судлов тамойиллари ҳақида маърузалар тақдим этилди.

Шунингдек, ҳуқуқий ёритишда ахлоқий ва ҳуқуқий чегаралар, судни ҳурмат қилмаслик ва туҳмат билан боғлиқ хавфларни англаш, қонуний журналистик суриштирув тушунчаси, журналистлар учун ҳуқуқий маълумотларни излаш ва улардан фойдаланиш усуллари каби мавзуларда тақдимотлар ва амалий машғулотлар ўтказилди.
Таъкидланганидек, бундай семинар-тренинглар оммавий ахборот воситалари ва суд органлари ўртасидаги очиқлик ҳамда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, журналист ва блогерларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда жамоатчиликка тезкор ва ишончли ахборот етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.