Журналистларнинг самарали меҳнатлари эътироф этилди
Андижон вилояти божхона бошқармасида божхона ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида мулоқот бўлиб ўтди.
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда божхона органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик билан мулоқот ва ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш масалалари хусусида сўз юритилди.
Тадбирда сўз олган Андижон вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Бекзод Шукуров бугунги кунда давлат органлари фаолиятида очиқлик тамойиллари устувор аҳамият касб этаётганини, мазкур жараёнда аҳолини тезкор, холис ва ишончли ахборот билан таъминлашда оммавий ахборот воситалари, хусусан, журналистларнинг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлаб, уларнинг самарали меҳнатларини алоҳида эътироф этди.


Шунингдек, мулоқот давомида божхона органлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида шаклланган самарали ҳамкорлик, соҳада олиб борилаётган модернизация жараёнлари, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, давлат хизматлари сифатини ошириш ҳамда тадбиркорлар ва фуқаролар учун яратилаётган қулайликлар ҳақида маълумотлар берилди.
Очиқ-ошкора, самимий кечган мулоқотда оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.



Тадбир якунида фаолияти давомида юксак масъулият ва фидойилик намунасини кўрсатиб, жамиятда холис ва шаффоф ахборот муҳитини шакллантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ журналистлар Божхона қўмитаси раиси ҳамда Андижон вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири