Жиззахда интенсив боғлар
Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини оширишга қаратилган яна бир йирик лойиҳа — “BMB Gardens” агрокластери изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг Ғаллаорол туманига амалга оширган ишчи ташрифи доирасида мазкур корхона фаолияти атрофлича ўрганилди.
Ташрифда вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Зафар Рўзиев ҳамда туман ҳокими Жалолиддин Оқбоев иштирок этди. Улар томонидан лойиҳанинг амалий аҳамияти, жорий этилган илғор технологиялар ва унинг ҳудуд иқтисодиётига таъсири юзасидан маълумот берилди.
— Ушбу лойиҳа қишлоқ хўжалигида замонавий агротехнологияларни амалиётга жорий этиш бўйича муҳим тажриба майдони бўлиб хизмат қилади. Илгари фойдаланилмаган лалми ерлар бугун замонавий агрокластерга айлантирилмоқда. Лойиҳанинг иккинчи босқичида қолган майдонлар ҳам ўзлаштирилиб, тўлиқ гилос-олча плантацияси шакллантирилади. Натижада ҳудудда йирик саноат боғдорчилик зонаси вужудга келади, — деди вазир Иброҳим Абдураҳмонов.

Умумий майдони 115 гектар бўлган интенсив боғнинг дастлабки 50 гектарига Польшада “in vitro” усулида етиштирилган “Baterma” навли гилос-олча кўчатлари экилиб, ҳар гектарда 1000 тупдан жойлаштирилди. Бу юқори зичликдаги интенсив боғдорчилик тизими жорий этилганини кўрсатиб, ҳосилдорликни бир неча баробар ошириш имконини яратади.
Лойиҳада сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳудудда 5 та артезиан қудуғи қазилиб, умумий сиғими 12 минг куб метрлик сув ҳавзалари барпо этилди. Боғнинг барча қисми томчилатиб суғориш тизими билан таъминлангани сув тежамкорлиги ва барқарор ҳосилдорликни таъминлайди.
Ижтимоий жиҳатдан аҳамиятли бўлган мазкур ташаббус доирасида ҳозирнинг ўзида 50 та доимий иш ўрни яратилди. Боғ тўлиқ ҳосилга киргач, мавсумий ишчилар сони 800 нафаргача етиши кутилмоқда. Бу эса қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлашда муҳим омилдир.

Лойиҳанинг навбатдаги босқичида замонавий логистика маркази ташкил этиш режалаштирилган. Унда маҳсулотни саралаш, совитиш ва қадоқлаш жараёнлари ягона тизимга бирлаштирилиб, гилос-олчани ички ва ташқи бозорларга тезкор етказиб бериш имконияти яратилади. Бу эса қўшилган қиймат занжирини шакллантириб, экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Мазкур ташаббус мамлакатда қабул қилинган "Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида белгиланган қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт географиясини кенгайтириш вазифаларига тўла мос келади.

Шунингдек, соҳани ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 январдаги “2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони ҳамда қишлоқ хўжалигида кластер тизимини қўллаб-қувватлашга оид меъёрий ҳужжатлар шундай каби лойиҳаларни кенг жорий этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратмоқда.
Мутахассислар таъкидлаганидек, “BMB Gardens” каби замонавий агрокластерлар қишлоқ хўжалигини индустриал асосда ривожлантириш, экспортбоп маҳсулотлар тури ва ҳажмини ошириш, шунингдек, ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири