Жиззах вилоят хокими билан учрашувларда ёшлар муаммоларига ечим топилмоқда
Жиззах вилояти хокими Эргаш Солиев туманларга чиқиб ўтказаётган учрашувларда ёшларнинг мурожаатларида кўтарилган барча муаммолар жойида ҳал этилаётир.
Дўстлик туманида ўтказилган учрашувда вилоят хокими “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг энг муҳим йўналишларидан бири — жойларда ёшлар билан мулоқот қилиш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва муаммоларига ечим топишдан иборатлигини таъкидлаш билан бошлади. Шундан сўнг бошланган самимий мулоқат давомида ёшлар ўзларининг ишлари, мақсад ва ҳаракатларида дуч келаётган муаммолар ҳақида фикрларини, таклиф ва мулоҳазаларини очиқ, эркин баён этишди.
Жиззах чўлидаги энг йирик, бошқа ҳудудларга қараганда иқтисодий салоҳияти юқори, ижтимоий инфиратизими бирмунча ривожланган Дўстлик туманида ёшларнинг ҳам ўрни салмоқли. Айни пайтда туман аҳолисининг –9 минг 90 нафардан зиёдини ёшлар ташкил қилади.
Туманда ўзининг иқтидори, ташаббуси, ташаббускорлиги, изланувчанлиги билан илм-фан, санъат, спорт, тадбиркорлик хунармандчилик соҳаларида катта ютуқларга эришаётган ёшлар кўп. Табийки, ҳамма жойда бўлгани турли сабаблар билан ўзига муносиб иш тополмаётган ёки бошлаган тадбиркорлигини давом эттиришга қурби етмаётган ёшлар ҳам бор. Ушбу учрашувга ҳам асосан муаммоли ёшлар ҳудуддаги барча қишлоқ ва маҳаллалардан, таклиф таклиф этилганди.
Вилоят хокими ёшлар билан мулоқотга киришар экан, учрашувга келган ҳар бир ёшнинг муаммосини эътибор билан тинглади, ташаббуслари ва таклифларини амалга ошириш бўйича мутасадди ташкилотлар зиммасига аниқ топшириқлар берди.
– Туманимиз учун ноодатийроқ тармоқ бўлган бедана гўшти ва тухуми етиштириш йўлга қўйганмиз, – дейди тумандаги “Олтин водий қишлоғида истиқомат қилувчи ёш тадбиркор Элёр Ўроқбоев. – Тошкентдан олаётган бедана озуқаси қимматга тушиб кетаётгани учун ўзимизда етиштиришни йўлга қўйиб, яна қўшимча 5 та янги иш ўрни яратмоқчимиз. 15 гектар ер ажратилса, озуқа ишлаб чиқаришни йўлга учун ускуналаримиз тайёр.
Хоким Элёрнинг бу муаммосини ҳал этиш, ер ажратиш учун тегишли идора раҳбарларига топшириқ берди. Топшириқнинг ижрочиси, аниқ муддати белгиланиб, назоратга олинди. Бу ишга шу бугундан киришиладиган бўлди.
Учрашувда келганлар орасида тадбиркорлик фаолиятида бошлаш ёки юргазиш давомида қўллаб-қувватлашга, айниқса банк кредитига эҳтиёжманд бўлганлар анчагина эди. Шундай ёшларнинг ўн нафари банкларнинг имтиёзли кредити билан таъминланадиган бўлди.
Ёшларнинг бошқа муаммолари шундай аниқлик билан ҳал этилди. Учрашувда деҳқончилик учун ер майдони ажратиш, бандлик, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа йўналишларда билдирилган 83 та муаммо ва таклифлар ечими бўйича мутасадди ташкилотларга аниқ вазифалар топширилди.
Ёшларнинг муаммолари уйма-уй юриб ўрганилиб, “Ёшлар дафтари”га киритилганлиги учрашувнинг самарали бўлишида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Учрашув давомида “Ёшлар дафтари”га киритилган, тикувчилик фаолиятига қизиқувчи, ўзини банд қилиш истагида бўлган 10 нафар қизга тикув машинкалари совға қилинди. Шу кунга қадар иш излаб юрган 3 нафар ёш учрашувнинг ўзидаёқ ўз мутахассислиги бўйича ишга қабул қилинди.
Раҳбатлантириш ҳар доим янги муваффақиятларга ундагани боис ёшлар учун жуда муҳим. Тадбир давомида бир гуруҳ фаол ёшларига ташаккурномалар уларни янада руҳлантирди.
– “Ёшларга қаратилаётган эътибор бизни ўз устимизда янада кўпроқ ишлашга ундамоқда”, — дейди тумандаги мусиқа ва санъат мактаби ёш ўқитувчиси Умиджон Акрамов. — “Зарб” республика ёш доирачилар кўрик-танловида биринчи ўринни эгалладим. Бугун вилоятимиз раҳбарининг менинг ютуғимни эътироф этиб, мукофатлаши руҳимни янада кўтарди.
Вилоят хокими, тўрт сектор раҳбарлари ёшлар билан шундай учрашувни барча туманларда ўтказаётир. Бундай учрашувлар энди одатдаги кундалик ишга айланмоқда. Ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ҳал қилиш фақат хокимнинг эмас, бошқа раҳбарларнинг ҳам фаолиятидан ўрин олмоқда.
[gallery-1152]
Ўтган йили вилоятнинг шаҳар ва туман ҳудудларида 732 маротаба “Сектор раҳбарлари ва ёшлар” учрашувлари ташкил этилиб, уларда 55 мингга яқин ёшлар иштирок этди. Учрашувлар давомида ёшлардан тушган 4 минг 316 та мурожаатнинг 2 мингдан зиёди жойида ҳал этилди.
Ўрганишлар давомида аниқланган 18-30 ёшдаги 28 минг 700 нафардан кўпроқ ишсиз ёшлардан жорий йил бошигача 27 минг 234 нафарининг бандлиги таъминланди.
Давлатимиз томонидан ёшларга берилаётган иш кеча бошланган ёки фақат бугунги бўлаётган иш эмас. Кейинги уч йилда ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида 136,4 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. “Хар бир ёшга бир гектар”тамойили асосида 6,8 минг гектар ер майдонлари берилди.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” йилида бу йўналишдаги ишлар янада кучайтирилиши шубҳасиз. Айни кунларда амалга оширилаётган тадбирлар Давлат дастурида белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлашдаги ишлар тизимли бошлаганини кўрсатиб турибди.
Т. БЕКНАЗАРОВ,
Ж. ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА