Жиззах – Хитой бозорига янги эшик очди
Халқаро майдонда иқтисодий ҳамкорликнинг янги босқичи
Жиззах вилояти делегациясининг Хитойнинг Синдо шаҳрига амалга оширган ташрифи ҳудуднинг ташқи иқтисодий сиёсатида янги саҳифа очди. “Хитойга экспорт – ШҲТни танлаш” мавзусида ўтказилган халқаро конференция Жиззах учун нафақат иштирок, балки аниқ натижаларга йўналтирилган амалий мулоқот майдонига айланди.

Тадбир доирасида Шандун провинцияси раҳбарияти билан ўтказилган икки томонлама учрашувда ҳамкорликнинг устувор йўналишлари очиқ ва амалий руҳда муҳокама қилинди. Саноат кооперацияси, инвестицияларни жалб этиш ва ўзаро савдони кенгайтириш бўйича таклифлар шунчаки фикр даражасида қолмади — уларни амалга ошириш механизмлари ҳам белгилаб олинди.
Куннинг иккинчи қисмида бўлиб ўтган анжуман эса Жиззах делегацияси учун ўз имкониятларини намоён қилиш майдони бўлди. ШҲТ мамлакатлари вакиллари иштирок этган муҳокамаларда жиззахлик мутахассислар томонидан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, маҳаллий корхоналарни халқаро бозорларга олиб чиқиш ва ишбилармонлик муҳитини янгича шакллантиришга қаратилган аниқ таклифлар илгари сурилди.

Айниқса, “ҳамкорлик фақат шартнома билан эмас, ишлайдиган механизм билан мустаҳкамланади” деган ёндашув тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Бу эса Жиззах делегациясининг фақат иштирокчи эмас, балки ташаббускор сифатида қатнашганини кўрсатди.

Конференция якунида Жиззах вилояти ва Шандун провинцияси ўртасида имзоланган келишув ушбу мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлди. У ҳудудлараро савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мустаҳкам асос яратди.
Мутахассислар фикрича, бу ҳужжат Жиззахнинг ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради. Энг муҳими, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун Хитой каби йирик бозорга кириш йўлида амалий платформа яратилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА