Марказий Осиё – Гонконг: кўп тармоқли ҳамкорлик ривожланмоқда
Хитой Халқ Республикасининг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди раҳбари Жон Ли бошчилигидаги бизнес делегацияси Марказий Осиё бўйлаб ташрифи доирасида Тошкент шаҳрига келди. 4–5 июнь кунлари давом этадиган ташриф чоғида делегация аъзолари Ўзбекистоннинг давлат ва бизнес доиралари вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказади.
Гонконг Савдони ривожлантириш кенгаши (HKTDC) томонидан ташкил этилган ташрифдан кўзланган асосий мақсад савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни илгари суришдан иборат бўлди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси раҳбарияти билан учрашиб, мамлакатнинг инвестиция муҳити, иқтисодий ислоҳотлари ва бизнес юритиш имкониятлари билан танишди.
Ўзбекистон ва Гонконг ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида зиёфат ҳам ташкил этилди. Унда сўзга чиққан HKTDC раиси профессор Фредерик Ма Марказий Осиёга амалга оширилган мазкур ташриф муҳим натижа берганини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, Қозоғистон ва Ўзбекистон каби жадал ривожланаётган бозорлар билан ҳамкорликни кенгайтиришда Гонконг халқаро молиявий ва бизнес маркази сифатида муҳим кўприк вазифасини бажармоқда.
– Гонконг ўзининг халқаро нуфузи, мустаҳкам институционал тизими ва жаҳон даражасидаги профессионал хизматлари орқали нафақат Хитой компанияларининг ташқи бозорларга чиқиши, балки хорижий компанияларнинг Хитой бозорига кириши учун ҳам самарали платформа ҳисобланади, – деди профессор Фредерик Ма.
[gallery-29794]
Делегация таркибидан Гонконгнинг 70 нафар бизнес етакчиси ҳамда Хитойнинг 17 та провинция ва шаҳри вакиллари ўрин олган. Улар молия, логистика, транспорт, инновация, технология, “яшил” иқтисодиёт, савдо ва медиа соҳаларида фаолият юритувчи компаниялар раҳбарларидир.
Шунингдек, делегация таркибига илк бор журналистлар уюшмаси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам киритилди. Бу ташаббус Гонконг медиа соҳасининг халқаро алоқаларини кенгайтиришга қаратилган дастур доирасида амалга оширилди.
Маълумот учун, Гонконг Савдони ривожлантириш кенгаши жорий йил ўзининг 60 йиллигини нишонламоқда. 1966 йилда ташкил этилган мазкур тузилма бугунги кунда дунёнинг 50 дан ортиқ нуқтасида, жумладан Хитойда 13 та ваколатхонасига эга бўлиб, халқаро кўргазма, конференция ва бизнес миссияларини ташкил этиш орқали компанияларни янги бозорга олиб чиқишга кўмаклашиб келмоқда.
Дилшод Ҳакимов,
Сарвар Ўрмонов (сурат),
ЎзА