Женевада Better Cotton билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Швейцариянинг Женева шаҳрида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Халқаро Better Cotton (BCI) ташкилоти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат барқарор пахтачиликни ривожлантириш, халқаро стандартларни кенг жорий этиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда Ўзбекистон пахта-тўқимачилик маҳсулотларининг жаҳон бозорларидаги экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Швейцариянинг Женева шаҳрида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров ҳамда Халқаро Better Cotton (BCI) ташкилоти бош директори Ник Уэзерилл ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистонда пахта-тўқимачилик соҳасини барқарор ривожлантириш, тармоққа халқаро ижтимоий ва экологик стандартларни кенг жорий этиш, пахта-тўқимачилик кластерлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, атроф-муҳитга эҳтиёткор муносабатга асосланган ишлаб чиқариш тамойилларини кенг татбиқ этиш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда пахта хомашёсини етиштиришдан тортиб, тайёр тўқимачилик маҳсулотини ишлаб чиқаришгача бўлган бутун қиймат занжирини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш, маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигини ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш, ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш, савдодаги техник тўсиқларни бартараф этишда халқаро стандартлар ҳамда мувофиқликни баҳолаш механизмларининг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Музокаралар якунида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Better Cotton (BCI) ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мазкур меморандум барқарор пахтачилик соҳасида халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, илғор хорижий тажрибаларни мамлакатимизда кенг жорий этиш, соҳанинг техник ва институционал салоҳиятини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини кучайтириш ҳамда Ўзбекистон пахта-тўқимачилик маҳсулотларининг халқаро бозорлардаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА