Ишонч ва интеграция: Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатларида янги тарихий босқич
Ўтмишга назар ташлаб, катта сиёсат майдонидаги мураккаб жараёнларни кузатиш асносида, айрим тарихий воқеаларнинг аҳамиятини оддий рақамлар ёки расмий баёнотлар билан баҳолаб бўлмаслигига амин бўлдим. Илгари ечилмасдек кўринган чегара муаммоларининг бартараф этилиши ҳамда айри тушган қондош халқларнинг ягона геосиёсий ва иқтисодий маконда жипслашиши кишида фахр туйғусини уйғотади.
Чўлпонота шаҳридаги “Руҳ Ордо” маданият марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров томонидан ўтказилган учрашув ва унда эришилган келишувлар ҳамда имзоланган салмоқли ҳужжатлар айнан шундай тарихий бурилиш нуқтаси саналади. Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари эндиликда оддий яхши қўшничилик доирасидан чиқиб, сифат жиҳатидан янги – Иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтарилди. Бу нафақат икки давлат, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарорлиги ва келажаги учун фундаментал аҳамиятга молик воқеадир.
Бугунги кунда фаолият юритаётган 450 та қўшма корхона ва муваффақиятли ишлаётган Тараққиёт фонди шунчаки бизнес рақамлари эмас, балки халқларимизнинг бир-бирига бўлган иқтисодий ишончининг амалий ифодасидир. Икки пойтахт ва йирик шаҳарлар ўртасида йўлга қўйилган 15 та авиақатнов ва 5 та автобус йўналиши эса одамларнинг қатнови енгиллашгани, қариндошлик ришталари янада мустаҳкамланганидан далолат беради.

Эндиликда олдимизга қўйилган стратегик мақсад – ўзаро савдо ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш вазифаси назарий эмас, балки аниқ ҳисоб-китобларга асосланган реал маррадир. Бунда икки давлат пойтахтларида очиладиган савдо уйлари ва ваколатхоналар муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, сиёсатда ҳар доим иккита нарса муҳим ҳисобланади. Бири ишонч, иккинчиси манфаатлар уйғунлиги. Бугун Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида шундай уйғунликка эришилдики, буни иккита глобал лойиҳа мисолида яққол кўриш мумкин.
Биринчидан, Қамбарота ГЭС-1 қурилиши мазкур ҳамкорликнинг энергетик юраги ҳисобланади. Бу лойиҳа нафақат икки мамлакатнинг энергия хавфсизлигини таъминлайди, балки минтақадаги сув-энергетика мувозанатини сақлашда ҳам ҳал қилувчи омил бўлади. Битимни имкон қадар тезроқ амалий босқичга ўтказиш бўйича келишув томонларнинг қатъиятли эканини кўрсатади.
Иккинчидан, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳаси эса геосиёсий ва геоиқтисодий масштабдаги ўзгаришдир. Бу йўл Осиёни Европа билан боғлайдиган энг қисқа ва қулай транспорт коридорига айланиб, Марказий Осиёни дунёнинг транспорт-логистика марказига айлантиради. Ушбу магистраль бўйлаб савдо-логистика инфратузилмасини ривожлантириш ва рақамлаштириш тадбиркорларимиз учун улкан имкониятлар эшигини очади.
Чўлпонота саммитининг энг катта ютуқларидан бири – имзоланган салмоқли ҳужжатлар пакетидир. Хусусан, икки халқ фуқароларининг кундалик ҳаётига ижобий таъсир кўрсатадиган келишувлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегарасининг участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда “Чашма” булоғидан биргаликда фойдаланиш бўйича битим йиллар давомида тўпланиб қолган нозик масалаларга ҳуқуқий ва адолатли ечим топди.
Шунингдек, давлат ижтимоий суғуртаси ва пенсия таъминоти, олий таълим соҳасидаги кредитларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимлар оддий инсонларнинг тақдирига бевосита дахлдор қарорлардир. Шу билан бирга, ҳудудлар форумини ўтказиш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш икки халқни янада яқинлаштиради.
Ушбу тарихий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистоннинг олий давлат мукофоти – I даражали “Манас” ордени билан тақдирлангани чуқур рамзий маънога эга. Бу мукофот шунчаки дипломатик протокол эмас. Бу, икки қардош халқ ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини тиклаган, муносабатларни стратегик ва иттифоқчилик даражасига кўтарган шахсий сиёсий ирода ва фидойиликка берилган юксак баҳодир.
Президентимиз ўз нутқида буни алоҳида таъкидлаб ўтганидек, бугунги муваффақиятлар бу ҳар икки давлат раҳбарларининг муштарак интилишлари ҳамда халқларимизнинг асрий орзу-умидларининг рўёбга чиқишидир.
Умуман олганда, ҳозирги Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари бошқа давлатлар учун ҳам ҳақиқий қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик намунаси бўла олади. Сабаби, ишонч, ҳурмат ва очиқликка асосланган сиёсат ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтишга қодир.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА