Жазодан озод этилган аёллар ҳолидан хабар олинди
Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Малика Мамадиярова мутасадди ташкилотлар вакиллари билан биргаликда жазодан озод этилган фуқароларнинг ижтимоий аҳволини ўрганиш мақсадида уларнинг хонадонларига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 17 мартдаги “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, республика бўйича 392 нафар шахс афв этилди. Уларнинг 15 нафари навоийликлар. Озод этилганлар орасида икки нафар аёл ҳам бор.

Учрашувлар давомида озод этилган фуқароларнинг турмуш шароити, бандлиги, келгусидаги режалари ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича ўрганилди.
Унда Навбаҳор тумани Кўҳрон маҳалласида истиқомат қилувчи К.Н. билан мулоқот ўтказилди. У Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми (одам савдоси) билан жавобгарликка тортилиб, бир ярим йил давомида жазони ўтаган. Амнистия асосида у жазони ижро этиш муассасасидан озод этилди.

Шунингдек, Кармана туманида яшовчи, 21 ёшли С.А. ҳам ушбу модда билан айбланиб, бир йил давомида жазо ўтаган.
Мутасаддилар томонидан уларни жамиятга қайта мослаштириш, иш билан таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Бугунги кунда амнистия билан озод этилган фуқароларни жамиятга қайтариш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва қайта ижтимоийлашувига кўмаклашиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Зеро, ҳар бир инсонга иккинчи имконият бериш жамиятнинг маънавий юксалиши ва инсонпарварлик тамойилларининг ёрқин кўринишидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири