“Жасорат мактаблари” га кириш имтиҳонлари бошланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 ноябрдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик раҳбари ва ва “Жасорат мактаблари” фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида “Жасорат мактаблари” фаолиятини ташкил этиш топшириғи берилган.
Бугун мамлакатимиз бўйлаб "Жасорат мактаблари"га кириш имтиҳонларининг биринчи босқичи бўлиб ўтмоқда. Талабалар она тили ва математика фанларидан тест синовларини топширмоқда.
Тест синовлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси биносида, Қорақалпоқ давлат университетининг спорт саройида, Нукус давлат педагогика институтининг спорт мажмуасида ҳамда Нукус шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатида юқори даражада ташкил этилди. Имтиҳон жараёнларини Нукус ҳарбий прокурори, адлия полковниги Азиз Матякубов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Айбек Даулетбаевлар кузатиб, тест синовларининг очиқ-ойдин, адолатли ва белгиланган тартиб-қоидаларга мувофиқ ўтказилаётганини кўриб чиқишди.
[gallery-30188]
— Мазкур топшириққа мувофиқ, 2026/2027 ўқув йили учун ҳужжатлар қабули 15 майдан 4 июнь кунига қадар онлайн шаклда my.gov.uz, ariza.piima.uz сайтлари орқали қабул қилинди. Қабул доирасида “Жасорат мактаблари”га жами 2016 нафар талабгорлар онлайн ҳужжат топширган ва аризалари қабул қилинган. Улардан 1296 нафари ўғил болаларни, 720 нафари қизларни ташкил этади. Ўтган йилги қабулга нисбатан қизиқиш билдириб ҳужжат топширган талабгорлар сони 440 нафарга кўпайган, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Таълим муассасаларида тарбиявий ишларни мувофиқлаштириш ва мактабдан ташқари таълимни ташкил этиш шуъбаси раҳбари Рапатдин Танирбергенов.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари