Хитой тажрибаси: боғларга айланган саҳролар
Марказий Осиё мамлакатлари оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Хитойнинг Синьцзян-Уйғур автоном районига ташкил этилган пресс-тур доирасида иштирокчилар Ақсу вилояти Вэнсу туманидаги Кўкқияр кўкаламзорлаштириш лойиҳаси ҳамда замонавий мевачилик кластерлари фаолияти билан танишди.
Сафар давомида журналистлар чўлланишга қарши кураш, экотизимларни тиклаш ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасини ўз кўзи билан кўриш имконига эга бўлди.Кўкқиярни кўкаламзорлаштириш лойиҳаси бугун нафақат Хитойнинг, балки Марказий Осиё давлатлари учун ҳам чўлланишга қарши курашнинг самарали намунаси сифатида эътироф этилмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари Вэнсу туманидаги “Бинтансинь” навли олма ва ёнғоқ етиштириш намойиш майдонлари, шунингдек, Кўкқияр мемориал мажмуаси фаолияти билан ҳам танишди.

Маълум қилинишича, уйғур тилида “Кўкқияр” “кўк қоя” маъносини англатади. Бундан қирқ йил муқаддам бу ҳудуд қум босган, ўсимлик ўсиши деярли мумкин бўлмаган саҳро эди. 1980 йилларда бу ерда йилига юз кундан ортиқ қум бўронлари кузатилиб, саҳро ҳар йили шаҳар томон бир неча метр силжиб борарди.
1986 йилдан бошланган кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари натижасида минглаб инсонларнинг меҳнати билан суғориш тармоқлари барпо этилди, миллионлаб кўчатлар экилди. Бугунги кунда ўрмонзорлар майдони 80 минг гектардан зиёд ҳудудни қамраб олган бўлиб, ўрмонлашиш даражаси 8 фоиздан 73 фоизга етган. Илгариги қумлик ҳудуд ҳозир экологик муҳофаза ва мевачиликни уйғунлаштирган яшил маконга айланган.
Сафар давомида журналистлар собиқ чўл ҳудудида ташкил этилган замонавий олмазорлар билан ҳам танишди. Бу ерда рақамли технологиялар асосида дарахтларни парваришлаш, ҳосилни илмий ёндашувлар билан тартибга солиш ҳамда юқори сифатли маҳсулот етиштириш йўлга қўйилган. Мутахассислар таъкидлашича, мазкур ёндашув нафақат ҳосил сифати ошишига, балки қумларни мустаҳкамлаш, маҳаллий иқлимни яхшилаш ва ҳар йили ўн минглаб аҳолини иш билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
Вэнсу туманидаги ёнғоқчилик базасида эса “ўрмон ўрмонни боқади” тамойили асосида ишлаб чиқилган иқтисодий модель тақдим этилди. Унга кўра, мевачиликдан олинадиган даромадлар ўрмонларни муҳофаза қилиш ва янада кенгайтириш ишларини молиялаштириш имконини беради. Бу эса экологик барқарорлик билан иқтисодий самарадорликни ўзаро уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда.
Марказий Осиё давлатлари журналистлари Кўкқияр тажрибасини юқори баҳолаб, унинг қурғоқчил ва чўлланиш хавфи юқори бўлган ҳудудлар учун амалий аҳамиятга эга эканини таъкидлашди. Улар экологик тикланиш, давлат сиёсати, илмий ёндашув ва маҳаллий аҳоли иштирокини уйғунлаштирган мазкур тажриба минтақа мамлакатлари учун ҳам қизиқарли эканини қайд этди.

Бугунги кунда экологик хавфсизлик, иқлим ўзгариши ва чўлланишга қарши кураш масалалари Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳам муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Икки давлат ўртасида “яшил” тараққиёт, атроф-муҳит муҳофазаси, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш соҳаларида ҳамкорлик кенгайиб бормоқда.
Бу жиҳатдан Кўкқиярда тўпланган тажриба нафақат Хитойнинг экологик ислоҳотлари самараси, балки Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам чўлланишга қарши кураш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида муҳим амалий аҳамият касб этади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА