Жартепада “Ўзбекистон – Тожикистон савдо, логистика ва тиббиёт маркази” ташкил этилади
Самарқанд вилоятининг Тожикистон Республикаси билан чегарадош “Жартепа” чегара ўтказиш пункти яқинида “Ўзбекистон – Тожикистон савдо, логистика ва тиббиёт маркази” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ўтган йил ноябрь ойида вилоятга ташрифи чоғида янги қурилган темирйўл орқали Самарқанд шаҳридан Ургутга бориб, эндиликда мазкур темирйўл имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида “Жартепа” чегара маскани яқинида логистика маркази ташкил этиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Ана шу ташаббус асосида Жартепа маҳалласи ҳудудида, чегара яқинида 10 гектар ер майдони ажратилиб, замонавий логистика, савдо ва тиббий хизмат кўрсатиш масканлари ташкил этишга киришилди.
Самарқанд вилояти ҳокими А.Бобоев вилоят ва Ургут тумани масъуллари билан бирга мазкур лойиҳа бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Ургут туманидаги “BUYUK KOMPLEKS SITI ” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳага кўра, ҳудудда логистика маркази, 400 та савдо нуқтаси ташкил этилади ва юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тожикистонликларга таклиф этилади. Шунингдек, замонавий тиббий марказ фаолияти йўлга қўйилади.
Йилига 1,5 миллион кишига киши хизмат кўрсатиши кутилаётган марказда 1000 та иш ўрни яратилиши, йилига 5 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши кутилмоқда.
Вилоят ҳокими лойиҳа бўйича қурилиш-ободонлаштириш ишларини сифатли бажариш юзасидан тавсиялар берди. Дастлабки босқичда лойиҳада кўзда тутилган савдо марказини тез фурсатда фойдаланишга топшириш белгиланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири