Ўзбекистон ва Беларусь: ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришда ҳамкорлик кучайтирилади
Беларусь Республикаси Тергов қўмитаси раиси ўринбосари Анатолий Васильев бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Ички ишлар вазирлиги академиясида бўлиб, ўқув даргоҳида яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Ахборот-ресурс маркази, Таълим сифатини мониторинг ва назорат қилиш маркази, спорт мажмуаси ҳамда бошқа муҳим объектларни таништириш жараёнида меҳмонларга академиянинг улкан салоҳияти ва имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Делегация аъзолари замонавий шароитларни кўздан кечириб, кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга қаратилган ислоҳотлар ва илғор ёндашувларга юқори баҳо берди.
Академия бошлиғи Рустам Ҳотамов меҳмонлар билан мулоқотда Ўзбекистон - Беларусь муносабатларининг ҳозирги ҳолати, ўзаро келишувлар доирасида эришилаётган натижалар, истиқболдаги устувор йўналишлар юзасидан фикр алмашди.

Академия раҳбари мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар кўплаб манфаатли соҳалар, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида изчил ривожланиб бораётганини эътироф этди. Кейинги йилларда Беларуснинг турдош олий таълим муассасалари билан тажриба алмашинуви сезиларли даражада фаоллашгани таъкидланди.
Анатолий Васильев кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришда ҳар икки мамлакат улкан салоҳиятга эга экани, галдаги ташриф алоқаларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш ва амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилишини қайд этди.
Самимий руҳда ўтган учрашувда таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма дастурларни ишлаб чиқиш, профессор-ўқитувчилар ва таълим олувчилар учун малака ошириш курсларини ташкил этиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, бу борада томонларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар учрашув очиқ ва конструктив тарзда ўтганини эътироф этган ҳолда ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олди.
Н.Абдураимова,
ЎзА