Жаҳон чемпиони Дилшод Мансуровнинг эътирофи
Самарқанд шаҳрида 2002-2004 йилларда туғилган ёшлар ўртасида эркин ва юнон-рум кураши бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионати якунланди.
Тўрт кун давом этган чемпионатнинг дастлабки икки куни юнон-рум, учинчи ва тўртинчи кунлари эса эркин кураш бўйича 10 вазн тоифасида ғолиб ҳамда совриндорлар аниқланди.
Мусобақаларни бевосита кузатиб борган терма жамоа мураббийлари, таниқли курашчилар ёш спортчиларнинг иқтидорига юқори баҳо берган ҳолда терма жамоага жалб этиладиган номзодларни аниқлади.

- Баҳсларни мураббий сифатида бевосита кузатиб бордик. Эътиборлиси, ушбу ёш тоифасида бир қатор кучли спортчилар камолга етаётганлигини кўрдик. Терма жамоаларимиз учун муносиб номзодлар тарбияланаётганлигидан хурсандмиз. Айниқса, чемпионликка эришган Арслон Раҳимов, Шоҳруҳ Жўраев, Ҳожиакбар Абдуқаҳҳоров, Равшан Жумабоев, Миршод Эргашев каби ёш курашчиларнинг маҳорати мураббий сифатида менда яхши таассурот қолдирди. Ушбу ёшларнинг техник-тактик тажрибаси янада оширилса, улар халқаро майдонда юксак натижалар қайд этиши шубҳасиз, - дейди эркин кураш бўйича икки карра жаҳон чемпиони, мураббий Дилшод Мансуров.

Муросасиз баҳслар натижасига кўра, чемпионат медалларини қўлга киритишда Тошкент шаҳри, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Навоий, Андижон, Сирдарё вилояти вакиллари етакчилик қилди. Бу ушбу минтақаларда мураббийларнинг иш фаолияти самарали кечаётганлигини кўрсатди.
Ўзбекистон чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА