“Жадидлар изидан” танлови ғолиблари Германияда
“Жадидлар изидан” республика танлови ғолиблари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг “Германияда Туркистон адабиёти” илмий лойиҳаси аъзолари иштирокида Берлин ва Гамбург шаҳарларида қатор маърифий, илмий ва маданий учрашувлар ташкил этилди.
Бу ҳақда Германиядаги мамлакатимиз элчихонаси хабар берди. Унга кўра, мазкур ташрифдан кўзланган асосий мақсад жадидлар маънавий меросини янада чуқур ўрганиш, уларнинг илм-маърифат, тараққиёт, Ватанга садоқат ва миллий уйғонишга оид ғояларини кенг тарғиб этиш, шунингдек Германияда таълим олган жадид аждодлар илмий мероси билан яқиндан танишишдан иборат.
Ташриф давомида Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси томонидан ушбу мамлакатнинг нуфузли таълим муассасаларида илмий учрашувлар ва маданий тадбирлар ташкил этилди. Иштирокчилар университетлар ва кутубхоналар фаолияти, Германия олий таълим ва мактаб таълим тизими, ўқиш имкониятлари, талабалар ва ўқувчилар ҳаёти ҳамда илмий муҳит, қолаверса мамлакат тарихи, маданияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.
Хусусан, Берлин Гумбольдт университетида бўлиб ўтган илмий учрашувда университет профессорлари, талабалар иштирок этди. Унда “Янги Ўзбекистон: Мустақилликнинг 35 йиллиги ва бугунги жадид авлодлари” мавзусида тақдимот ўтказилди. Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда жадидлар меросини ўрганиш ва ёш авлодни маърифатпарварлик руҳида тарбиялаш давлат ва жамият ҳаётининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.
Тадбир давомида ўқувчилар томонидан Ватанни мадҳ этувчи шеърлар ўқилди. Уларнинг ўзбек жадидлари ижоди, миллий уйғониш ғоялари ва Ватанга садоқат мавзусидаги чиқишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, “Германияда таълим олган жадидлар” ҳамда “Жадидлар изидан” республика танлови тўғрисидаги тақдимотлар орқали ўзбек маърифатпарварлари, уларнинг хорижий таълим тажрибаси, Европадаги илм-фан ва тараққиёт ютуқларини ўрганишга бўлган интилишлари, шунингдек ушбу ғояларни Туркистон жамияти тараққиётига татбиқ этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси олимлари “Германияда Туркистон адабиёти” тўпламининг биринчи жилди тақдимотида Туркистон адабиёти, жадидчилик ҳаракати, ўзбек маърифатпарварлари мероси ва уларнинг Европа илмий муҳитида ўрганилиши бўйича амалга оширилаётган илмий изланишлар ҳақида маърузалар қилди. Мамлакатимизда жадидлар илмий меросини ўрганиш бўйича олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар натижалари Гумбольдт университети олимларида катта қизиқиш уйғотди. Учрашув якунида иштирокчилар ўртасида савол-жавоблар бўлиб ўтди ва ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси “Германияда Туркистон адабиёти” илмий лойиҳаси раҳбари Шаҳноза Мадаеванинг сўзларига кўра, “Жадидлар изидан” танлови ғолибларининг Германияга амалга оширган сафари таълимий, илмий-маърифий ва маданий жиҳатдан юксак аҳамият касб этади.
– Таъкидлаш жоизки, Германия XX аср бошларида Туркистон жадидлари учун илғор илм-фан, замонавий таълим ва тараққийпарвар ғоялар марказларидан бири бўлган. Айрим жадидлар айнан шу ерда таҳсил олган, илмий изланишлар олиб борган ҳамда Европа тажрибасини ўз юрти тараққиётига татбиқ этиш ғоясини илгари сурган. Бугун ана шу тарихий-маърифий ришталар янги мазмун билан давом этаётгани, илм-фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланаётгани алоҳида аҳамиятга эга.
Мазкур ташрифнинг юксак савияда ташкил этилишида Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси томонидан кўрсатилган амалий кўмак, самарали мувофиқлаштириш ишлари ва яратилган шароитлар алоҳида эътирофга лойиқ. Бу каби ташаббуслар келгусида ҳам икки мамлакат ўртасидаги таълимий, илмий ва маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жадидлар меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга хизмат қилиши шубҳасиз, – деди у.
Ўзбек олимлари ва ўқувчиларидан иборат делегация, шунингдек, нуфузли Гамбург университетининг педагогика факультетига ташриф буюрди. Дастлаб иштирокчилар университет бўйлаб экскурсияда қатнашиб, олий таълим муассасасининг тарихи, ўқув бинолари, кутубхона ва хорижлик талабалар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Учрашувнинг расмий қисмида ўзбек олимлари томонидан “Германияда Туркистон адабиёти” китоби бўйича тақдимот ўтказилди. Ўқувчилар эса ўзбек адабиёти ва жадидлар ижодидан намуналар ўқиб, миллий шеърият, маърифат ва Ватанга садоқат ғояларини ифода этувчи чиқишлар қилди. Уларнинг “Германияда таълим олган жадидлар” ва “Жадидлар изидан” танлови тўғрисидаги тақдимотлари Гамбург университети профессорлари ва талабаларига мамлакатимизда илм-маърифатни қўллаб-қувватлаш, ўқувчилар ўртасида китобхонликни ривожлантириш бўйича давлатимиз томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида жонли тасаввур уйғотди.
Гамбург университетидаги учрашув маданий дастур билан давом этди. Унда ўқувчилар ижросидаги ўзбек миллий рақслари ва миллий лапарлар иштирокчиларга ўзбек халқининг бой маданий мероси, санъати ва анъаналарини намоён қилди.
Шунингдек, танлов ғолиблари Берлиндаги бошланғич мактаблардан бирида ўқувчилар билан учрашди. Самимий мулоқот давомида иштирокчилар Германияда бошланғич синфларда болаларнинг таълим олиш жараёни, кундалик мактаб ҳаёти, дарс машғулотлари, ўқитувчилар ва ўқувчилар ўртасидаги муносабатлар, шунингдек ёш авлодни тарбиялашда қўлланилаётган замонавий ёндашувлар билан танишди.
Бухоро вилояти Бухоро туманидаги 21-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Муҳаммад Али Холиқовнинг таъкидлашича, “Жадидлар изидан” танловида иштирок этишига оиласида китобхонлик ва билимга бўлган юксак эҳтиром муҳити катта туртки бўлган.
– Устозимнинг тавсияси билан танловга пухта тайёргарлик кўрдим. Жадид боболаримизнинг асарлари, мақолалари ва маърифий ғояларини чуқур ўргандим. Танловда ғолиб чиқиб, Германияга таълим саёҳати йўлланмасини қўлга киритганим мен учун катта шараф ва унутилмас воқеа бўлди. Сафар давомида Берлиндаги Ҳумболдт университети, Гамбург университети, Германия парламенти - Бундестаг, тарихий Рейхстаг биноси ҳамда бир қатор немис мактаблари фаолияти билан яқиндан танишдик. Айниқса, Берлиндаги таълим муассасаларида яратилган замонавий шарт-шароитлар, ўқувчиларнинг билим олиши ва иқтидорини ривожлантиришга қаратилган ёндашув менда катта таассурот қолдирди. Мактаблардаги ўқув жараёни, замонавий лабораториялар, немис ўқувчилари билан мулоқот, шунингдек, у ерда фаолият юритаётган ўзбек педагоглари билан учрашувлар биз учун жуда қизиқарли ва фойдали бўлди, – деди у.
Бундан ташқари, делегация аъзолари элчихонада ташкил этилган миллий терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионатидаги ўйини муносабати билан ташкил этилган жамоавий томоша қилиш тадбирида ҳамда Германиядаги ватандош педагоглар қурултойида иштирок этди.
Мухтасар айтганда, мазкур ташриф доирасида ташкил этилган учрашув ва мулоқотлар “Жадидлар изидан” танлови ғолиблари учун катта маънавий ва амалий аҳамият касб этди. Иштирокчилар Германиянинг етакчи олий таълим муассасалари, замонавий мактаб таълими тизими ҳамда ёшлар учун яратилган таълим имкониятлари билан яқиндан танишиб, ўз билим ва дунёқарашларини янада бойитди. Шунингдек, Берлин ва Гамбург шаҳарларининг тарихий-маданий обидалари ва диққатга сазовор масканларига уюштирилган саёҳатлар уларда унутилмас таассурот қолдирди. Энг муҳими, бу сафар ёшларда жадидлар меросига бўлган қизиқишни янада ошириш, халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда келгусида Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга бўлган интилишни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА