Ижтимоий тармоқларга психологик ўчлик кашанданинг сигаретага мойиллигидан кам эмас
Бугунги кунда ҳаётимизни интернетсиз тасаввур қила олмаймиз. Ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Улар мулоқот учун универсал майдон бўлиб, дўстлар билан мулоқот қилиш, амалга ошираётган ишлар билан ўзаро бўлишиш ва янгиликлардан бохабар бўлиш мумкин.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё аҳолисининг 60 фоизи интернет тармоғидан фойдаланади. Хусусан, Facebook, YouTube, WatsApp, Messenger, WeChat, Instagram, Tumblr, Qzone, Tik Tok каби тармоқлар дунёдаги энг оммабоп ижтимоий тармоқлар ҳисобланади. Мисол учун, Facebook ижтимоий тармоғидан интернет фойдаланувчиларининг 85 фоизи (Хитойдан ташқари), дунё аҳолисининг эса тўртдан бир қисми фойдаланар экан. Яъни Facebookдан 2 млрд. одам фойдаланади. napoleoncat.com сайти берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда Facebook тармоғидан фойдаланувчилар 1 миллионга яқинлашиб қолган. Улар ўрача 25-34 ёшда бўлиб, 65,5 фоизини эркаклар, 34,5 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.
Фойдали томонига тўхталадиган бўлсак, маълумот олиш учун қулай манбадир. Жумладан, Интернет олами журналистлар фаолиятида ҳам жуда қўл келади. Қолаверса, талабаларга, тадқиқотчиларга ва бошқа қизиқувчиларга ҳам ёрдами тегяпти. Ўзларига керакли материални қайсидир давлатнинг қўлёзмалар фондидан ёки музейидан сўраш, расмини кўчириб олиш, соҳа мутахассиси билан гаплашиб, илмий хулосалар беришда қулайлик туғдиряпти. Қолаверса, турли касб вакиллари ўзларига тегишли мавзуларда тармоқ фойдаланувчиларидан маслаҳат сўрайди ва керакли ғояларни олади.
Аммо ижтимоий тармоқларга қарамликнинг салбий жиҳатлари ҳам талайгина. Психологларнинг таъкидлашича, тармоқлардан мунтазам фойдаланиш депрессияни келтириб чиқаради. Фойдаланувчилар ижтимоий тармоқлар жумладан, Facebook ва Twitterда қанча кўп вақт ўтказса, уларда тушкун кайфиятга мойиллик хавфи шунча ошади. АҚШнинг Питтсбург университети психологлари шундай хулосага келишдан олдин 19 дан 32 ёшгача бўлган 1,8 минг нафар америкалик ўртасида сўровнома ўтказди. Асосий вақтини Facebook ва Twitterда ўтказадиган ёшлар жиззакилик, тушкунликка ушбу ижтимоий тармоқлардан нисбатан камроқ фойдаланадиган ёшларга қараганда 2,7 марта кўпроқ мойил бўлади.
Олимларнинг аниқлашича, фойдаланувчилар YouTube, Instagram, Snapchat, Reddit ва Tumblr кабиларга бир кунда 61 дақиқа вақтини сарфлайди. Бу, ҳафтасига шу сайтлардан 30 марта фойдаланади деганидир. Сўровномада қатнашганларнинг 25 фоизида депрессия аломатлари кузатилган. Тадқиқотчилар айрим фойдаланувчилар депрессияни енгиш учун ҳам ижтимоий тармоқларга мурожаат қилишини таъкидламоқда. Улар ижтимоий тармоқлардан ўзига керакли руҳий кўмакни ололмаса, тушкун кайфият янада кучайиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти асрдаги глобал муаммо – ижтимоий тармоқлар ва компьютер ўйинларига қарамлик оқибатлари ҳақида ҳисобот эълон қилди. Унда қайд этилишича, ушбу муаммо туфайли дунё бўйича ҳар ўн ўсмирдан бири психологик қийинчиликларга дуч келмоқда. Ана шу болалар ўртасида ижтимоий тармоқларга қарамлик даражаси 2018 йили 7 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 11 фоизга ошган. Шу ўсмирларнинг 12 фоизи руҳияти ва хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатувчи дастурий ўйинлар таъсирига тушиб қолгани жиддий хавотир уйғотади. Мазкур хулосаларни олиш учун 2022 йили Европа, Марказий Осиё давлатлари ва Канадани қамраб олган 44 мамлакатда 11, 13 ва 15 ёшли 280 мингга яқин ёшлар ўртасида ижтимоий сўров ўтказилган. Маълум бўлишича, мазкур қатламнинг 11 фоизи ижтимоий тармоқларга қарам бўлиб қолган. Бу ҳолат қизларда (13 фоиз) ўғил болаларга (9 фоиз) нисбатан кўпроқ. Компьютер ўйинларига боғланиб қолиш ҳолати эса ўғил болаларда (16 фоиз) қизларга (7 фоиз) нисбатан юқори.
– Ёш болаларнинг кўп телефон ўйнаши рақамли аутизм касаллигига олиб келиши мумкин, – дейди Олмазор тумани 16-оилавий поликлиника шифокори Ойдиной Намурадова. – Ижтимоий тармоқлардан мунтазам фойдаланадиган ёшлар бошқа ёшларга қараганда 2,7 баробар кўп руҳий тушкунликка дучор бўлади. Ота-оналар фарзандлари 13 га киргунига қадар интернет хавфи, муаммолари ёки яхши томонларини тушунтириши, доимий гаплашиши керак. Бироқ аксарият ота-оналар бундай вазиятда қандай йўл тутишни билмайди. Ота-оналарга ҳам бу масалада ёрдам керак.
– Интернетга эътиборини қаратиб, оиласига, аёлига, ота-онасига, фарзандларига вақт ажратолмаслик натижасида ўртага совуқчилик тушади, – дейди Олмазор тумани 149 мактаб ўқитувчиси Ином Назаров. – Бундан ташқари, турли оқимлар ўз мафкураларини ёшлар онгига сингдириш учун ижтимоий тармоқлардан кенг кўламда фойдаланмоқда. Фаҳш, бузуқликни тарғиб қилувчи сайтлар ва уларнинг саҳифалари кенг ёйилган. Миш-миш, ёлғон, уйдирмалар, бузғунчи ғоялар, сохталаштириш, тарафкашлик авж олган. Фойдаланувчилар ўз саҳифаларига номаълум расмлар қўйиб, маълумотларни сохталаштиради, асоси йўқ, ёлғон хабарларни тарқатади, фақат ўзларининг фикрларини ҳақ деб, бошқаларнинг фикрини менсимайди.
Афсуски, баъзи блогерларнинг ҳатто, ота-онасига қўл кўтариб видеолавҳалар тайёрлаб, оммага эълон қилаётгани ҳам бор гап. Наҳотки, буни назорат қилиш, уларга тегишли чоралар кўришнинг иложи бўлмаса?
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА