Ижтимоий реестрдаги инсонлар соғлиги ХДП нигоҳида
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгаши фаоллари Узун туманида ижтимоий реестрда турган инсонлар учун бепул тиббий кўрик ташкил этиб, уларнинг саломатлигини тиклашига кўмаклашди.
Партиянинг “Саломатлик” акцияси доирасида уюштирилган тадбирда эҳтиёжманд оилаларнинг юздан ортиқ аъзоси тумандаги 75-оилавий поликлиникада малакали гинеколог, офтальмолог, стоматолог, невропатолог, травматолог, невролог, терапевт, кардиолог, уролог, эндокринолог каби мутахассисларнинг тиббий кўригидан ўтказилди.


Ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар ўртасида касалликларни барвақт аниқлаб, тезкор ва манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган тиббий кўрик чоғида аниқланган беморлар хавф омиллари, касаллик гуруҳлари, жумладан, юрак-қон томир, эндокрин, руҳий, кўз касалликлари ва бошқалар бўйича гуруҳларга ажратилди. 34 нафар беморга Термиз шаҳридаги шифохоналарда, 30 нафарига амбулатор шароитда даволаниш тавсия этилди. 16 нафарининг имтиёзли даволаниши, 12 нафарига бепул даволаниш учун йўлланма берилди. Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар, ётиб қолган ногиронлиги бор беморларни махсус мобил бригадалар уй шароитида текширувдан ўтказди. Кундузги стационарда саломатлигини тиклайдиган кам таъминланган оилалар вакиллари оилавий шифокорлик пунктининг тажрибали тиббиёт ходимлари назоратида бўлиши белгиланди.


Вилоятда партиянинг “Саломатлик” акцияси давом этади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири