Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимида адолатсиз тижорат амалиётини тартибга солишнинг аҳамияти
Замонавий бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорлик фаолияти жадал ривожланиши, рақамли савдо платформалари ва маркетинг усуллари кенгайиши истеъмолчи билан тадбиркор ўртасидаги муносабатни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.
Президент ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти бош илмий ходими Адиба Сафарова ЎзА мухбирига шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди:
– Бу жараён, бир томондан, бозорда танлов имкониятини кенгайтирса, иккинчи томондан, истеъмолчини чалғитувчи, алдамчи ёки тажовузкор тижорат амалиёти қўлланиши хавфини оширади. Айниқса, истеъмолчи эркин иқтисодий қарор қабул қилишига салбий таъсир кўрсатувчи адолатсиз тижорат амалиёти бозор муносабатининг барқарорлиги ва одиллигига жиддий таҳдид солади.
Адолатсиз тижорат амалиёти нафақат истеъмолчи манфаатига зарар етказади, балки бозорда соғлом рақобат муҳити шаклланишига ҳам тўсқинлик қилади. Зеро, истеъмолчини алдаш ёки унга ноқонуний босим ўтказиш орқали молиявий устунликка эришган тадбиркор адолатли, ҳалол фаолият юритаётган бозор иштирокчиси учун тенг бўлмаган шароитни вужудга келтиради. Шу маънода адолатсиз тижорат амалиётини тартибга солиш нафақат истеъмолчини ҳимоя қилиш воситаси, балки бозор муносабатида адолат ва ишонч таъминланишнинг муҳим ҳуқуқий кафолати сифатида намоён бўлади.
Халқаро ҳуқуқ амалиёти, хусусан Европа Иттифоқи тизимида адолатсиз тижорат амалиётини мустақил ҳуқуқий институт сифатида тартибга солиш истеъмолчининг иқтисодий хулқ-атворини ҳимоя қилишга қаратилган самарали механизм сифатида шаклланган. Бундай ёндашувда асосий эътибор тадбиркор фаолияти натижасига эмас, балки истеъмолчининг қарор қабул қилиш жараёнига таъсир кўрсатувчи усул ва амалиётга қаратилади. Масалан, сохта чегирма, маҳсулот хусусияти ҳақидаги ёлғон маълумот, яширин тўлов, тажовузкор савдо усули, масалан қўрқитиш, босим ёки бепул, деб эълон қилиб, кейин тўлов талаб қилиш ва ҳоказо. Бу истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилишга профилактик ва превентив механизм жорий этиш имконини беради.
ЕИда адолатсиз тижорат амалиёти “EU Unfair Commercial Practices Directive” билан тартибга солинади. Мазкур ҳужжат фақат тадбиркор ва истеъмолчи (B2C) муносабатига нисбатан қўлланади ва истеъмолчи ҳуқуқи доирасини рақобат ҳуқуқидан концептуал жиҳатдан фарқлайди.
2005 йил 11 майда қабул қилинган, истеъмолчини ноҳақ тижорат амалиётидан ҳимоя қилиш ва ички бозорда ягона ҳуқуқий ёндашувни таъминлаш кўзланган мазкур директива бизнес ва истеъмолчи муносабатини тартибга солади, шартнома тузишдан олдинги ва кейинги жараённи қамраб олади.
Ҳужжатга кўра, тижорат амалиёти касбий эҳтиёткорлик талабига зид бўлган, ўртача истеъмолчининг иқтисодий қарор қабул қилишига сезиларли таъсир кўрсатган ёки шундай эҳтимол кузатилган тақдирда адолатсиз, деб топилади. Бундай ҳолатда “ўртача истеъмолчи” мезони асосий баҳолаш стандарти сифатида қўлланади. Ўртача истеъмолчи етарли даражада хабардор, эътиборли ва эҳтиёткор истеъмолчи сифатида тасаввур қилинади. Бу ҳақиқий шахс эмас, балки ҳуқуқий баҳолаш учун қўлланадиган мавҳум стандартдир.
Ноҳақ амалиёт икки асосий турга ажратилган:
Чалғитувчи амалиёт – ёлғон ёки нотўғри маълумот бериш, маҳсулотнинг хусусияти, нархи ёки келиб чиқиши бўйича истеъмолчини чалғитиш, шунингдек муҳим маълумотни яшириш;
Таҗовузкор амалиёт – босим ўтказиш, мажбурлаш ёки ҳаддан зиёд таъсир орқали истеъмолчининг эркин танловини чеклаш.
Директива иловасида “black list” – қора рўйхат билан келтирилган 31 хил амалиёт ҳар қандай ҳолатда ноҳақ деб баҳоланади. Масалан, товарни бепул дея реклама қилиб, мажбурий тўлов талаб қилиш ёки пирамида шаклидаги савдо схемаси ташкил этиш.
Ҳужжат имкон даражасида уйғунлаштириш тамойилига асосланган. Яъни, аъзо давлатлар, айрим истисно ҳолатлардан ташқари, истеъмолчини ҳимоя қилиш мақсадида белгиланган даражадан четга чиқувчи қоида жорий эта олмайди. Шу тариқа ЕИ ички бозорида ҳуқуқий барқарорлик ва тадбиркор учун тенг рақобат шароитини таъминлайди.
Хулоса қилиб айтганда, “Directive 2005/29/EC” истеъмолчини ҳимоя қилиш соҳасида ягона стандартни шакллантирган, ўртача истеъмолчи концепцияси ва қора рўйхат механизми орқали ҳуқуқни қўллаш амалиётига аниқлик киритган муҳим меъёрий ҳужжат ҳисобланади.
Шунга ўхшаш қоида Европанинг кўплаб мамлакатлари қонунчилигида ҳам мавжуд. Масалан, Буюк Британия 2008 йил тасдиқлаган Адолатсиз савдо амалиётидан истеъмолчини ҳимоя қилиш қоидаси – “The Consumer Protection from Unfair Trading Regulations-2008” ҳамда Италия Истеъмолчилар кодекси 20-26-моддаларида айни меъёр мустаҳкамланган.
Ўзбекистон шароитида адолатсиз тижорат амалиёти алоҳида ҳуқуқий институт сифатида тизимлаштирилмаган ва шу боис бундай муносабатлар фуқаролик ҳуқуқи, рақобат ва реклама қонунчилиги меъёри орқали тарқоқ ҳолда тартибга солинади.
Масалан, Фуқаролик кодекси ҳуқуқий муносабат иштирокчиси ҳалол, оқилона, адолат билан ҳаракат қилишини назарда тутади. Мазкур талаб умумий ҳуқуқий тамойил сифатида ҳар қандай шартнома учун мажбурийдир. “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддаси ҳам бир неча турдаги инсофсиз рақобат, жумладан товарнинг хусусияти, ишлаб чиқарилиши усули ва жойи, истеъмол хоссаси, нархи ва сифати, ишлаб чиқарувчи, бажарувчининг кафолат мажбурияти борасида истеъмолчи чалғитилишни тақиқлайди. Ушбу қонун истеъмолчи ҳуқуқи ҳимоясини эмас, балки шу орқали рақобатни тартибга солиш мақсадини кўзлайди. Яъни, рақобат ҳуқуқи, энг аввало, тадбиркорлар ўртасидаги (B2B) муносабатни тартибга солишга қаратилган: асосий вазифа бозорда соғлом рақобат муҳитини сақлаш, якка ҳокимлик, келишилган ҳаракат – картел ёки устун мавқени суистеъмол қилиш каби ҳолатларнинг олдини олишдир. Шу нуқтаи назардан рақобат ҳуқуқи бевосита истеъмолчи эмас, балки бозор иштирокчилари ўртасидаги иқтисодий муносабат билан боғлиқ.
Айрим ҳолларда рақобат ҳуқуқи истеъмолчи манфаатига дахлдор бўлиши ҳам мумкин. Масалан, агар тадбиркор истеъмолчини чалғитиш, ёлғон ёки нотўғри маълумот тарқатиш орқали рақобатчисидан устунликка эришишга ҳаракат қилса, бундай ҳолат бир вақтнинг ўзида ҳам рақобатга, ҳам истеъмолчи ҳуқуқига таъсир кўрсатади. Айни вазиятда чалғитиш истеъмолчига нисбатан адолатсиз амалиёт – мақсад рақобатчига зарар етказиш ёки бозорда устунликка эришиш бўлса, рақобат ҳуқуқи доирасига ҳам тегишли ҳисобланади.
Назарий ва ҳуқуқий жиҳатдан қараганда рақобат ва истеъмолчи ҳуқуқи муҳофазаси мустақил ҳуқуқий институт сифатида мақсад ва тартибга солиш манзилига кўра фарқ қилади:
Рақобат ҳуқуқи бозор тузилиши ва тадбиркор ўртасидаги муносабатни ҳимоя қилади, объект эса жараённи ифодалайди.
Истеъмолчи ҳуқуқи ҳимояси жараёни унинг иқтисодий манфаати, ахборот олиш ҳуқуқи ва адолатли шарт асосида хизмат ёки товар сотиб олиш имкониятини таъминлайди. Объект эса истеъмолчининг шахсий манфаатидир. Хуллас, рақобат ҳуқуқи бозорда адолатли ўйин қоидасини белгиласа, истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилиш унга нисбатан адолатни таъминлайди. Ўзаро боғлиқ бу жараёнда ҳуқуқий табиат ва тартибга солиш воситаси бир-биридан фарқ қилади.
“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига кўра, реклама товар, маҳсулотни олиш ёки товардан фойдаланиш шарти ҳақидаги муҳим маълумотни яшириш ва (ёки) ўқиш, фарқлаб олишни қийин қилиб тасвирлаш, ахборот мазмунини бузиб кўрсатиш, рекламадан фойдаланувчини чалғитиш тақиқланган. Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидасида истеъмолчи ҳуқуқи билан боғлиқ савдо тартибини бузиш турлари санаб ўтилган. Гарчи муайян ҳаракат савдо қоидасини бузиш ҳисобланса-да, мазмунан истеъмолчи ҳуқуқини бузувчи адолатсиз тижорат амалиётига ўхшайди.
Бундай қоидабузарлик нархни асоссиз равишда ошириш, товар, маҳсулотни нотўғри ўлчаш ёки тортиш, хизмат кўрсатмаслик, рағбатлантирувчи акция ва чегирма қўллаш талабини бузиш, товар, маҳсулот, хизмат учун чек, бўнак, ҳисоб бермаслик, харидорга товарнинг сифати, бутлиги, ўлчами, оғирлигини текшириш имконини яратишдан бош тортиш, истеъмолчига узоқ муддат фойдаланиладиган сифати, ёмон товарни таъмирлаш ёки алмаштириш даврида сифатли шундай товарни беришдан бўйин товлаш, пластик картадан тўлов қабул қилишни рад этиш каби ҳаракатларни назарда тутади.
Ўзбекистонда адолатсиз тижорат амалиёти тарқоқ ва қисман тартибга солиниши, истеъмолчи – тадбиркор муносабати ягона концепция асосида эмас, балки алоҳида меъёр орқали тартибга солиниши ҳуқуқни қўллаш амалиётида муайян ноаниқлик, шунингдек адолатсиз тижорат амалиётини рақобатга қарши ҳаракат билан чалкаштириш ҳолатларига олиб келиши мумкин. Шу боис соҳани концептуал жиҳатдан таҳлил қилиш, ҳуқуқий табиат ва тартибга солиш механизмини аниқ белгилаш долзарб аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан миллий қонунчиликни рақобат ва истеъмолчи ҳуқуқи ҳимоясига алоҳида ёндашувни ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқиш, “Истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида адолатсиз тижорат амалиётини алоҳида институт сифатида тартибга солиш таклиф этилади. Ушбу тавсиялар истеъмолчи ҳуқуқини мустаҳкам муҳофаза қилиш, бозорда шаффофлик ва ишончни таъминлаш, шунингдек миллий қонунчиликни халқаро стандартга яқинлаштиришга хизмат қилади.
ЎзА мухбири Азиза Алимова ёзиб олди.