Дала ишлари қизғин паллага кирди
Сардоба туманида жорий йил пахта ҳосили учун 11,5 минг гектар майдонга чигит экиш ишларига старт берилди. Шундан 7 минг гектар майдонда замонавий интенсив технологиялар асосида Хитойнинг “Шинжон” усулини жорий этиш режалаштирилган.
Мавсум бошланиши муносабати билан “Қўшчинор тонг майсаси” фермер хўжалигида кўргазмали семинар ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Аброр Хидиров, туман ҳокими Зиёдулла Каримов, соҳа мутахассислари, фермерлар ва кластер раҳбарлари иштирок этишди. Мутахассислар томонидан чигитни агротехник талаблар асосида, айниқса, мақбул муддатларда сифатли экиш, ерни тўғри тайёрлаш, минерал ўғитлардан самарали фойдаланиш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришиш бўйича амалий тавсиялар берилди.


Тадбир доирасида миллий қадриятларга мувофиқ деҳқонлар меҳнатига барака, юртга тинчлик ва дастурхонларга тўкинлик тилаб, дуолар қилинди.

Айни пайтда туманда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Фермер хўжаликлари билан бир қаторда аҳоли томорқаларида ҳам картошка экиш жараёнлари уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Ер майдонларидан самарали фойдаланиш, эртаги ҳосилни кафолатлаш ва ички бозорни барқарор таъминлаш мақсадида агротехник тадбирларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА