Истанбулда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти кенг намойиш этилди
Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятларини халқаро майдонда тарғиб қилишга қаратилган йирик кўргазмали тадбир бўлиб ўтди.
“Зиёрат туризми: Ўзбекистон – Туркия” халқаро кўргазмаси икки мамлакат ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Тадбир Ўзбекистон Умра зиёратлари ассоциацияси ташаббуси билан Туризм қўмитаси ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ташкил этилди. Унда меҳмонхона тармоқлари, авиакомпаниялар, кейтеринг компаниялари, ер хизмати кўрсатувчи ташкилотлар ва туроператорлар каби туризм индустриясининг 400 нафардан ортиқ халқаро вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Туркиянинг туризм соҳасида фаолият юритувчи 1500 нафарга яқин мутахассиси ва зиёратчилар кўргазма меҳмони бўлди.
Кўргазма доирасида ўтказилган тақдимотларда Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, буюк алломалар мероси билан боғлиқ муқаддас қадамжолари, зиёрат туризми йўналишлари, замонавий меҳмонхона ва транспорт инфратузилмаси ҳамда хорижлик сайёҳлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Тадбир иштирокчилари мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янги имкониятлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Бу каби тадбирлар Ўзбекистоннинг туризм брендини мустаҳкамлаш, янги ҳамкорлар жалб қилиш ва зиёратчилар оқимини кўпайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир якунида фаол иштирокчилар тақдирланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА