Иссиқхоначилик кам харажат, юқори сифат ва экологик барқарорлик манбаи
Президентимизнинг жорий йил 25 мартдаги “Аҳолини куз-қиш мавсумларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида 940 гектар майдонда замонавий, энергия тежамкор иссиқхона мажмуалари ташкил этилади.
Бу лойиҳа ҳудудда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиб, воҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш баробарида энергия тежамкорлигига хизмат қилади. Жумладан қарорда 2026 - 2027 йилларда Республикада иссиқхоналар фаолиятини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб, Шеробод туманида камида 940 гектар майдонда замонавий иссиқхона мажмуаларини жойлаштириш, энергия тежамкор ва муқобил энергия манбаларига асосланган иситиш тизимлари улушини камида 50 фоизга етказиш, атмосфера ҳавосига зарарли ташламалар ташлаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини босқичма-босқич камайтириш белгилаб қўйилди.

Бу ишни тизимли ва самарали ташкил этиш учун туманда “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиб, унинг ҳудудида фаолият олиб борадиган иссиқхона хўжаликларига ер участкалари тадбиркорларга электрон онлайн аукцион орқали ижарага берилганда беш йил давомида ижара тўловининг ноль ставкасини қўллаш, иссиқхоналарни суғориш ва технологик жараёнлар учун ишлатиладиган оқова ва ерости сувлари учун тўловлардан 3 йил муддатга озод этиш, аномал совуқ об-ҳаво шароитлари даврида, истисно тариқасида, белгиланган экологик талабларга риоя этган ҳолда кўмир ёқишга рухсат бериш каби имтиёз ва преференциялар қўлланилади.
Айни пайтда Шеробод туманида “Sherobod Asset Green” масъулияти чекланган жамиятининг юқори технологик, энергия тежамкор иссиқхоналар комплекси шундай илғор тажриба асосида фаолият юритмоқда.
Тадбиркорнинг Тошкент ва Жиззах вилоятларида ҳам иссиқхоналари бор. Бу иссиқхоналарда қишин-ёзин турли сабзавот етиштирилиб, аҳолига сифатли, экологик тоза ва рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилади.

– Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида иссиқхоначиликни ривожлантиришга қулай муҳит бор, – дейди Шеробод туманида “Sherobod Asset Green” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Миркамоллидин Файзуллаев. – Соҳадаги 30 йиллик тажрибамга суяниб айтаманки, айнан Сурхондарё вилояти бу йўналиш учун жуда қулай ҳудуд. Вилоятнинг иқлими нисбатан илиқ, қуёшли кунлар кўп бўлгани учун иссиқхоналарни самарали ишлатиш имконияти юқори. Айниқса, қиш фаслининг юмшоқ келиши иссиқхоналарни иситиш учун сарфланадиган энергия миқдорини сезиларли даражада камайтиради. Бу тадбиркорлар учун ҳам иқтисодий жиҳатдан катта қулайлик яратади. Чунки, энергия сарфи камайгани сари ишлаб чиқариш харажатлари ҳам камаяди. Энг муҳими, қўшимча иситиш тизимларидан камроқ фойдаланилгани атмосфера ҳавосига чиқариладиган зарарли газлар миқдорини ҳам камайтиради. Яъни, бу нафақат иқтисодий самарадорликни оширади, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳам хизмат қилади.
Тумандаги “Sherobod Asset Green” масъулияти чекланган жамиятининг иссиқхонасида парваришланаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига нисбатан эрта пишиб, етилгани ва экологик тоза бўлгани учун ҳам хорижликларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Тажрибали тадбиркорнинг таъкидлашича, Сурхонда иссиқхоначилик бу – кам харажат, юқори сифат ва экологик барқарорлик дегани. Сурхондарёнинг иссиқ қуёши ва тадбиркорларнинг шижоати бирлашса, воҳа нафақат мамлакатимиз, балки халқаро бозорларда ҳам энг рақобатбардош маҳсулот етказиб берувчи ҳудудга айланади. Воҳанинг довруғи янада ошиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири