Испанияликлар Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти билан танишмоқда
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ва Испаниянинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида 30 мартдан 13 апрелга қадар бир гуруҳ испаниялик сайёҳлар учун Ўзбекистон бўйлаб пресс-тур ўтказилмоқда.
Хусусан, испаниялик сайёҳлар Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг тарихий обидалари ва замонавий мажмуаларига ташриф буюрмоқда.
Қолаверса, пресс-тур давомида таниқли испаниялик тадқиқотчи ва фотосуратчи Пабло Мартинес Муньез бошчилигидаги ижодий гуруҳ юртимизнинг маданий мероси ва бугунги тараққиётига бағишланган медиаконтент тайёрламоқда. Ушбу материаллар асосида фотоальбом яратиш, фотокўргазмалар ўтказиш, шунингдек испан тилида “Amazon Music” ва “Spotify” каби халқаро платформаларда жойлаштириладиган иккита подкаст тайёрлаш режалаштирилган.

Сайёҳлар XIX асрда ижод қилган франциялик фотосуратчи Поль Надарнинг Туркистонга ташрифлари билан боғлиқ архив ҳужжатларини ҳам ўрганмоқда. Тўпланган маълумотлар асосида минтақамиз тарихига оид махсус илмий мақолалар чоп этиш кўзда тутилган.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, маданий ва гастрономик туризмни ривожлантириш ҳамда мамлакатимизнинг саёҳатлар учун истиқболли йўналиш сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА