Иштихонлик 10 ёшли қиз Абдулла Орипов ҳақида китоб ёзяпти
Ишониш қийин бўлган гап-а? Биз ҳам ишониб-ишонмай, хабарга аниқлик киритиш учун иштихонлик ҳамкасбларимиз билан боғландик. Уларнинг сўраб-суриштириб, маълум қилишича, ростдан ҳам тумандаги 83-мактабнинг 3-синф ўқувчиси Фариштабону Маҳмудова қаҳрамон шоиримиз ҳақида биографик асар ёзаётган экан.
Бу гапни эшитгач, истеъдодли қиз ва унинг оиласи билан танишиш учун Иштихонга йўл олдик.
Фариштабону ва ота-онасини туман ахборот-кутубхона марказида, иштихонлик ижодкорларнинг навбатдаги машғулоти чоғида учратдик.
Туманнинг Янгиравот маҳалласида яшовчи бу ёш оилада икки фарзанд – Фариштабону ва Талантбек камол топаётган экан. Ота-она – Маҳмуджон ва Гулжаҳон бошқа соҳаларда меҳнат қилишса-да адабиёт, санъатга яқин кишилар, бири шеърлар ёзса, иккинчиси ашула хиргойи қилиб туради. Ана шу қобилият уларнинг фарзандларида намоён бўлмоқда.
– Қизимиз гапира бошлаганидан сўзларни чиройли талаффуз қилиши, зеҳни тезлиги эътиборимни тортган, – дейди Гулжаҳон Болиқулова. – Дадасининг ижодкорлиги, шеърлар ёзиб туриши Фариштабонуга ҳам ўтибди-да, деб хурсанд бўлганман. Кўп китоб ўқиб берганмиз, эртаклар айтганмиз, шеърлар ёдлатганмиз. Ўқишга, китобга қизиқиши туфайли мактабга боргунига қадар хат-саводи чиқиб, ёзишни ҳам ўрганиб олганди. Илк шеърий машқини мактабга бормасидан олдин айтиб берганди ва бу шеър шундай бошланарди:
Отам, онам ҳамда юртимни
Шўх-шаддоду эрка қизиман.
Шеъриятнинг Зулфиясидек
Мен кўнгиллар Фариштасиман...
Шундан кейин қизимизга янаям кўпроқ эътибор қаратдик. Мактабга чиққанидан сўнг китоб ўқишга қизиқди, шеърий машқлари кўпайди. Аввало, дадаси бу борада унга устозлик қилмоқда, қолаверса, туманимиздаги ижодкорлар тўгарагига қатнаб, кўп нарса ўрганяпти. Катта-катта шоирлар назарига тушди, улар Фариштабонуга оқ йўл тилаб, йўл-йўриқ кўрсатмоқда. Устозларининг кўмаги билан ўтган йил “Сўзойнакли кўнгилзорим” номли илк шеърий тўплами чоп этилди.
Оиладаги иккинчи фарзанд Талантбекда мусиқага иштиёқ кучли экан. Ҳозирда у мактабда 2-синфда ўқиш билан бирга туман марказидаги 21-болалар мусиқа ва санъат мактаби машғулотларида қатнашади. Қувонарлиси, у келгуси йилдан ўқишини Тошкентда – Глиэр номидаги ихтисослаштирилган болалар мусиқа мактабида давом эттириш ҳуқуқига эга бўлибди.
– Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Маърифат улашиб” лойиҳаси асосида туманимизда таниқли ижодкорлар билан учрашув ўтказилганда Фариштабону чиқиб ўзи ёзган шеърларини ўқиб берди, – дейди Маҳмуд Йўлдошев. – Шунда пойтахтдан келган шоирлар қизимизда иқтидор борлигини айтиб, уни қўллаб-қувватлашларини билдиришди. Таниқли ижодкорлар Тўлқин Эшбек, Муҳаммад Исмоил Фариштабону ҳақида ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ёзишди, ижодий давраларга таклиф қилишди. Шу тарзда Усмон Азим, Абдусаид Кўчимов, Хосият Бобомуродова, Бобур Бобомурод каби устозлар назарига тушди. Ҳозир улар Фариштабонуга маслаҳат ва тавсиялар бериб келишмоқда. Яқинда Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан устознинг уй-музейи очилишида иштирок этдик. У ерда ҳам кўплаб ижодкорлар қизимизга оқ йўл тилаб, дуо қилишди, йўл-йўриқ кўрсатишди. Ана шу тадбир чоғида улуғ шоиримизнинг рафиқалари Ханифа ая “Абдулла ака ҳақида яна китоблар ёзилса, бошқа китобларга кирмай қолган гапларни айтишга имконият бўларди”, деб қолди. Шунда Фариштабону “мен ёзаман ўшандай китобни” деди. Очиғи, ўзимиз учун ҳам кутилмаган гап бўлди. Ахир ёш бола қандай қилиб асар ёзиши мумкин, деб ўйладик. Лекин ўша ерда бўлган устозлар “майли, Фариштабону ҳам бир ёзиб кўрсин”, деб уни руҳлантиришди. Ўша куни Ханифа аянинг уйларида меҳмон бўлиб қолдик, тонгга қадар устоз шоиримиз ҳақида гапириб бердилар. Қизим иккимиз бу хотираларни ёзиб олдик. Кейин шу вақтгача Матёқуб Қўшжонов, Абдусаид Кўчимов ва бошқа ижодкорлар томонидан Абдулла Орипов ҳақида ёзилган китобларни ҳам олиб келдик. Фариштабону шу китоблар ва Ханифа аянинг хотиралари асосида “Орифнома” деб номланган асарни ёзишга киришди.
– Отам мени шеър ёзишга қизиқтирган, шеър ёзиш билан ички ҳиссиётлар қоғозга туширилади, – дейди Фариштабону. – Киши хафа бўлганда ҳам, хурсанд бўлганда ҳам ҳиссиётини шеърларда ифода этади. Уйимизда мингдан ортиқ китоблар, бадиий асарлар бор. Отажоним ва аяжоним айтган китобларни ўқийман. Китоблардан кўп нарсани ўрганиш мумкин, китоблар ота-оналаримиздан кейин энг яқин дўстларимиз ҳисобланади. 22 март куни Абдулла Орипов уй-музейига бориб, Ханифа ойи билан суҳбатлашдик. У кишининг хотираларини эшитдим, буюк шоиримиз ҳаёти ва фаолияти ҳақида кўп маълумотлар олдим. Ханифа ойи айтган таклиф асосида Абдулла Орипов ҳақида китоб ёзяпман. Чунки мен туғилганимда дадажоним устозлари Абдулла Ориповга қўнғироқ қилиб, “қизимга Фаришта, деб исм қўймоқчиман” деганларида у киши “Фаришта”га “бону”ни ҳам қўшиб қўйинглар, илмли, билимли қиз бўлиб улғайсин, деганлар. Мен ўзимга шуни шиор қилиб олганман – агар бирор мақсадни олдингга қўйсанг ва тинимсиз ҳаракат қилсанг, у албатта амалга ошади. Мен ҳозир “Орифнома” деган китоб ёзишни мақсад қилганман, бунинг учун ҳаракат қиляпман.
[gallery-28810]
Албатта, эндигина 10 ёшга тўлган қизнинг адабиёт мезонларига мос асар яратиши мушкул, лекин Фариштабонунинг шу ёшда бунга журъат қилиши, бунинг учун тинимсиз ўқиб-изланаётгани, энг муҳими, халқимизнинг севимли шоири ҳақида ўз дунёқараши ва тасаввурича ёзаётгани эътиборли. Назаримда, шунинг учун ҳам катта ижодкорларимиз уни қўллаб-қувватламоқда, қалбидаги иштиёқни сўндирмасликка интилмоқда ва ижод оламида яна бир истеъдодли шоира камолга етишига ишонишмоқда.
– Иштихондан кўп ижодкорлар етишиб чиққан, улар бугун пойтахтимизда, Самарқандда ва туманимизда яшаб ижод қилмоқда, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шаҳриддин Умиров. – Қувонарлиси, бугун уларга муносиб издошлар бор. Шунинг учун иштихонлик ижодкорлар клубини ташкил этганмиз ва тез-тез тўпланиб, фикр алмашамиз, ёшларга маслаҳат ва тавсиялар берамиз. Пойтахтда ижод қилаётган Шаҳодат Исахонова, Тўлқин Эшбек, Ориф Тўхташ, Муҳаббат Тўхташева сингари иштихонликлар келиб клубимиз машғулотларида қатнашади. Фариштабону иқтидорли ёшларимиздан бири сифатида клубимизда ҳам жуда фаол. Туғма истеъдод эгаси бўлган бу қизимиз ҳозирданоқ ижодкорлар орасида анча танилиб қолди. Ҳар куни телеграм каналимизда унинг янги шеърларини ўқиб хурсанд бўламан.
– Фариштабону ва Талантбек мусиқа мактабимизнинг театр синфи истеъдодли ўқувчилари, – дейди Аслихон Эргашев. – Фариштабону шеърлар ёзиб, барчамизнинг назаримизга тушди. Ҳар бир тадбиримизда фаол иштирок этади, шеърлар айтади. Талантбек ҳам номига мос иқтидорли ўқувчи, чиройли ашулалар айтади. Мен бундай шогирдларим билан фахрланаман.
Ғолиб Ҳасанов,
Алишер Исроилов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари