Ишончли вакил тадбиркорлар билан учрашди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилояти бўйича ишончли вакили Рустам Холмуродов “Ургут” эркин иқтисодий зонасида сайловчилар билан учрашди.
Ишончли вакил дастлаб номзоднинг таржимаи ҳоли ва сиёсий фаолияти ҳақида маълумот берди. Сўнгра кейинги беш йилда мамлакатимизда Шавкат Мирзиёев томонидан таълим, саноат, иқтисодиёт, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги соҳалари ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича олиб борилган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Жумладан, Самарқанд вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар эътироф этилди. Бевосита Ш.Мирзиёев ташаббуси билан “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилгани ва самарали фаолият олиб борилаётгани таъкидланди.
– Бугун вилоятимизда тадбиркорлар сони бир неча баробарга ортган, - деди Р.Холмуродов. – Бу, албатта, юртимизда ишбилармонларга яратилган имкониятлар самараси. Тадбиркор кўпайса, ишчи ўрни кўпаяди. Ишчи ўрни кўпайса, халқимизнинг яшаш сифати ортиб бораверади. Шавкат Мирзиёев келгуси беш йилга мўлжалланган дастурида ҳам Самарқандда 450 мингта иш ўрни яратиш орқали камбағалликни икки баробарга қисқартиришни энг устувор вазифа қилиб белгилаган. Яъни, келгуси беш йилда ялпи ҳудудий маҳсулотни 1,4 бараварга ошириб, 90 триллион сўмга етказиш асосий мақсадимиз ҳисобланади. Бунинг учун, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш орқали 130 мингта иш ўринлари яратилади. Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида вилоятга ҳар йили қарийб 1 триллион сўм имтиёзли кредит ажратилади.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ўтган 5 йилда ҳаётида туб бурилиш ясаган ислоҳотлар ҳақида гапириб, ЎзЛиДеПдан кўрсатилган номзоднинг дастури Ўзбекистоннинг жадал ривожланишига хизмат қилишини эътироф этган ҳолда Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.




Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА