Ишончли вакил ҳарбийлар билан учрашди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили Рустам Холмуродов Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий сайловчилар билан учрашди.

Ишончли вакил номзоднинг сиёсий фаолияти ҳақида гапирар экан, кейинги беш йил давомида юртимизда таълим, тиббиёт, иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, коммунал ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар бугун ўз мевасини бераётгани, айниқса қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари қайта тиклангани ва мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида қайд этди.

Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов ҳамда бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий самараси Ўзбекистондаги ҳар бир хонадонга кириб борганлигини, ҳар бир юртдошимиз тақдирига ўзгаришлар олиб кирганлиги эътироф этди.

Жумладан, Қуролли Кучларимизда олиб бораётган ислоҳотлар натижаси сифатида ҳарбий хизматчиларимизнинг Халқаро армия ўйинларида эришаётган ютуқлари, полигонлар инфратузилмасининг янгилангани, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлиги мисоллар орқали қайд этилди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА