Иш ташлаш ҳуқуқи қонун билан кафолатланмоқда
Ўзбекистон Республикасида меҳнат муносабатларини демократик, инсонпарварлик ва адолат тамойиллари асосида ҳуқуқий тартибга солиш замон талаблари асосида такомиллаштирилмоқда.
Конституциянинг 42-моддасида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамлаб қўйилган.
Сенат ялпи мажлисида “Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида шу ҳақда сўз борди.

– Қонун миллий қонунчиликни Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенцияларига мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган, – деди Сенат аъзоси Зумрад Бекатова. – Қонун Конституциянинг 98-моддасига мувофиқ Сенат томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритилган.

Қонун билан Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик процессуал, Меҳнат кодекслари ҳамда “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги ва “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Жумладан, Меҳнат кодексида иш ташлаш бу ходимларнинг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иш берувчи билан жамоавий меҳнат низосини ҳал этиш усули сифатида меҳнат мажбуриятларини вақтинча, ихтиёрий ва биргаликда тўлиқ ёки қисман бажаришдан тийилиш экани мустаҳкамланмоқда.

Шунингдек, иш ташлаш ҳуқуқи кафолатланмоқда, иш берувчи ва меҳнат органларини хабардор қилиш тартиб-таомиллари ва бошқа ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар белгиланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун иш ташлаш жараёнини қонуний асосда тартибга солган ҳолда жамоат хавфсизлиги ва ижтимоий тартибни таъминлашга асос яратади. Бу Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларига риоя қилувчи давлат сифатидаги имижини мустаҳкамлайди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА