Ўзбекистон ва Иордания: жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланади
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Ҳукумати ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги Битимни (Самарқанд, 2025 йил 26 август) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун юзасидан маъруза қилган Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов мазкур Битим қоидаларига мувофиқ томонлар жиноят содир этган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш мақсадида ушлаб бериш масалаларида ўзаро ҳамкорликни амалга оширишини таъкидлади.

Ҳужжатда ушлаб бериш учун асос бўладиган жиноятлар доираси, рад этиш асослари, марказий ваколатли органлар, дастлабки қамоққа олиш ҳамда ушлаб берилган шахсларга нисбатан махсус қоидалар аниқ белгилаб қўйилган.


Сенаторлар маъқуллаган қонун Ўзбекистон Республикасининг трансмиллий жиноятчилик, терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлигини мустаҳкамлайди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА