Иқтисодий дипломатия: Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг замонавий модели
Янги Ўзбекистон сўнгги йилларда очиқ, амалий ва жуда фаол ташқи сиёсат юритиб, халқаро майдонда ўзига хос ишончли ҳамкор сифатида намоён бўлмоқда.
Мамлакатимиз ташқи сиёсати тинчликпарварлик, ўзаро манфаатдорлик ва кенг кўламли ҳамкорлик тамойилига асосланиб, фақат сиёсий мулоқот билан чекланмасдан, иқтисодий тараққиёт, инвестиция жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, таълим, туризм ва инсон капитали салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Дипломатик фаоллик ортиши, халқаро ташкилотлар ва етакчи давлатлар билан мулоқот мустаҳкамланиши диёримизнинг минтақавий ва глобал жараёндаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганидан далолат.
ЎзА мухбири ушбу муҳим жараённи холис баҳолаш, ташқи сиёсатимизда кузатилаётган асосий тенденциялар, муҳим дипломатик қадамлар, стратегик ҳамкорликнинг мамлакат тараққиётига таъсири хусусида экспертлар фикрини ёзиб олди.
Жасур Ражабов, Ташқи ишлар вазирлигининг минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлик бошқармаси бўлим бошлиғи:
– Қайд этиш керак, 2018 йилдан бошлаб ўзбек дипломатиясида траектория ўзгарди. Ҳозирги вақтда ҳар бир учрашув, айниқса хорижий ҳамкорлар билан мулоқотда кун тартибининг асосий мавзуларидан бири иқтисодий йўналиш бўлиб қоляпти. Айниқса, бунда инвестиция жалб қилиш, экспорт миқдорини ошириш ҳамда туризмни ривожлантириш асосий вазифалар сирасига киради.
Бундан ташқари ташқи меҳнат миграцияси масалалари, яъни чет элда таҳсил олаётган, меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларимиз ҳуқуқи ва эркинлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш бўйича консуллик бошқармаси ва тегишли давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарга тегишли вазифалар юкланган.
Таъкидлаганимдек, мулоқотлар аниқ иқтисодий манфаатга хизмат қилиши керак ва том маънода бугунги кунда бизнинг сиёсий мулоқотимиз шунга йўналтирилган.
Эътиборлиси, 2025 йил биринчи марта юртимиз ташқи савдо айланмаси 80 миллиардга етди. Бу жуда юқори кўрсатгич. Мазкур натижа, аввало, ўша мулоқотлар маҳсули. Айни пайт дипломатик ваколатхоналаримиз зиммасига бевосита вилоятлардаги экспорт қилувчи компаниялар ҳуқуқи, манфаатини ҳимоя қилиш, уларга кўмак бериш, экспортни ривожлантириш ва инвестиция соҳасида ҳамкор топиш учун қатор вазифалар қўйилиб, аниқ мақсадлар белгиланган.
Хушвақт Ҳайитов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
– Таъкидлаш жоиз, ўтган йил юртимиз ташқи сиёсати учун улкан натижаларга бой, сермаҳсул келди. 2025 йил 700 дан кўп делегациямизнинг хорижга сафари уюштирилган бўлса, 600 га яқин турли делегациялар диёримизга ташриф буюрган. Шу учрашувлар доирасида 300 дан кўп халқаро шартнома, 9 стратегик келишувга эришилди. “Марказий Осиё+” форматида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди, АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия, Хитой ва Осиёнинг кўплаб ривожланган давлатлари билан ҳамкорлик ривожланди. Айниқса, бу жараёнда иқтисодий йўналиш бўйича экспорт-импорт амалиётида ижобий ўзгариш яққол кўзга ташланди.
Президентимиз хорижга амалга оширган ҳар бир ташриф доирасида салмоқли ишлар қилинди. Масалан, ўтган йил 24 октябрь куни давлатимиз раҳбари Брюссель шаҳрига ташриф буюрганда ЕИ билан Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битим имзоланди. Имзолаш учун узоқ тайёргарлик кўрилган мазкур ҳужжатда саноат, савдо, энергетика, транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистон фуқароларининг ЕИ давлатларида қонуний асосда меҳнат қилиши ёки таълим олиши, биргаликда қўшма лойиҳалар амалга ошириш, келгусида юртимизда энергетика бозорини ривожлантириш, инвестиция жалб қилиш бўйича катта вазифалар, режалар назарда тутилган.
Ўтган йил давлатимиз раҳбари Америка Қўшма Штатларига икки марта ташриф буюрди. Жорий йил Швейцариянинг Давос шаҳрида “Тинчлик кенгаши” битимини имзолаш маросимида қатнашди. Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда тутган йўли кўпгина ривожланган давлатлар томонидан эътироф этилаётгани, тажрибамиз кўп юртларга намуна сифатида кўрсатилаётгани ҳам ҳақиқат. Зеро, Ватанимиз ташқи сиёсати ҳамма мамлакатлар билан тинч, дўстона, ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилини илгари суради.
Эътиборлиси, ўтган йил юртимизга 12 миллионга яқин хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Тарихий шаҳарларимизга қизиқиш йил сайин ортмоқда. Маълумки, Президентимиз туризм соҳаси бўйича инфратузилмани яхшилаш, хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича алоҳида вазифаларни белгилаб берган. Жорий йилдан АҚШ фуқароларига виза тартибини бекор қилиш ва Европа давлатлари фуқароларига визани соддалаштириш кўзда тутилган. Бу турли ўлкалардан туристлар диёримизга эмин-эркин келиши, халқлар ўртасидаги дипломатик алоқа ҳам кучайишига олиб келади.
Тараққий этган мамлакатлар билан ҳар бир келишув иқтисодиётимизга салмоқли фойда келтиради. Инвестиция олиб кириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳолимиз даромадини ошириш, иқтисодий қудратимизни янада оширишга хизмат қилади. Ўйлайманки, ташқи тинчликпарвар сиёсатимиз жорий йилда бундан ҳам сермаҳсул бўлади.
Равшан Ғозиев, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент:
– Республикамиз охирги йилларда жуда фаол ташқи сиёсат юритиб, 165 давлат билан дипломатик муносабат ўрнатди. Айниқса, таълим йўналишида ёшлар учун грантлар ажратиш, ёшларимиз ўқув стандарти юқори бўлган дунёнинг ривожланган давлатларида ўқиши учун шароит яратиш масаласи ташқи сиёсатимизнинг устувор вазифаларидан бирига айланди.
Қайд этиш керак, хорижда таълим олишни қўллаб-қувватлаш, ўғил-қизларимиз малакали мутахассис бўлиб етишишини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам алоҳида мақсадлар белгиланган. Хусусан, мунтазам тарзда университетлар ҳамкорлигини кенгайтириш, таълим дастурларини мувофиқлаштириш, биргаликда илмий-амалий конференциялар ўтказиш масалалари кун тартибига қўйилган.
Шунингдек, халқаро таълим маконига чуқур интеграциялашув доирасида қўшма таълим дастурлари, икки дипломли ўқиш тизими ҳамда хорижий олий таълим муассасалари филиалларини юртимизда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ёшларимиз замонавий билим ва кўникма эгаллаши, халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар сифатида шаклланишига хизмат қилмоқда.
Қолаверса, халқаро грант ва стипендия дастурлари орқали иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий изланишларини рағбатлантириш, инновацион ғоя ва стартап ташаббусларини ривожлантириш ташқи сиёсатимиз билан узвий боғлиқ вазифа сифатида намоён бўлмоқда. Бунда нуфузли халқаро ташкилотлар, етакчи университетлар ва илмий марказлар билан ҳамкорлик кўламини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик фақат ёшларни хорижда ўқитиш билан чекланмасдан, хорижий профессор-ўқитувчиларни юртимизга жалб этиш, тажриба алмашиш дастурларини йўлга қўйиш, илғор таълим услубларини миллий тизимга жорий этишни ҳам ўз ичига олади. Бу жараён таълим сифатини ошириш, илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш ва инновацион ривожланишга хизмат қилмоқда.
Ўткир Алимов, ЎзА