Иқтидорли ёшлар ва тадбиркорлар учрашуви бўлиб ўтди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида дунёнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳамда маҳаллий тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, шунингдек тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, қарийб 300 нафар тадбиркор ва ёшлар қатнашди.

Очиқ мулоқотдан кўзланган асосий мақсад халқаро таълим олган иқтидорли ёшлар билан маҳаллий тадбиркорлар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, инновацион ғоялар ва замонавий билимларни мамлакат иқтисодиёти ҳамда бизнес ривожига йўналтиришдан иборат бўлди.

Учрашув давомида иштирокчилар халқаро таълим тажрибаси, инновацион ғоялар, стартаплар, замонавий бизнес ечимлари, рақамли технологиялар ҳамда ёшлар ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик имкониятлари юзасидан фикр алмашди.
Шунингдек, иқтидорли ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, уларнинг стартап ва инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, таълим ва бизнес ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида бундай мулоқотлар ёшларнинг билим ва салоҳиятини амалиёт билан уйғунлаштириш, инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА