Иқлимга чидамли экинлар ва озиқ-овқат хавфсизлиги
Бугунги кунда иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг чекланиши, тупроқ шўрланиши, қурғоқчилик ва ўсимлик касалликлари қишлоқ хўжалиги олдига янги вазифаларни қўймоқда. Аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, экинлар ҳосилдорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалигининг рақобатбардошлигини кучайтиришда замонавий геномика, биоинформатика ва биотехнология муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика марказида ушбу йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб борилаётир. Марказ олимлари ғўза, буғдой, картошка, соя, маккажўхори, узум ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг генетик имкониятларини ўрганиш, юқори ҳосилдор, касалликларга ҳамда ноқулай иқлим шароитларига чидамли навларни яратиш устида ишламоқда.
ОАВ учун контент тайёрлаш марказида Фанлар академияси вице-президенти Шаҳло Турдиқулова ҳамда Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази директори Забардаст Бўриев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ана шулар ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, Марказда замонавий биотехнологик усуллар асосида юқори ҳосилдор картошка ва буғдой навлари яратилган. Жумладан, биотехнологик усулда яратилган “Бисёр” картошка нави халқаро даражада эътироф этилган ишланмалардан биридир.
Буғдой селекциясида ҳам муҳим натижалар қўлга киритилмоқда. Хусусан, сариқ занг касаллигига чидамли ва сифат кўрсаткичлари билан ажралиб турадиган янги “Сарнав” буғдой нави яратилди. Мазкур нав давлат нав синовига топширилган. Шунингдек, касалликларга чидамли истиқболли буғдой линиялари Жиззах ва Қашқадарё вилоятларининг турли агроиқлим шароитларида ўрганилмоқда.
Иқлим ўзгаришига мос қишлоқ хўжалигини ривожлантириш мақсадида қурғоқчиликка чидамли соя ва маккажўхори навларини яратиш бўйича ҳам илмий ишлар олиб борилмоқда. Ушбу тадқиқотлар сув танқислиги шароитида барқарор ҳосил олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Марказнинг энг муҳим илмий йўналишларидан бири ғўза геномикаси ва биотехнологиясидир.
Марказ олимлари томонидан ген-нокаут технологияси асосида яратилган “Порлоқ”, “Матонат” ва “Бардош” ғўза навлари юқори ҳосилдорлиги, сифатли толаси, қурғоқчиликка, шўрга чидамлилиги билан ажралиб туради.
Бу каби биотехнологик ишланмалар пахтачиликда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, маҳсулот сифатини яхшилаш ҳамда тўқимачилик саноати учун рақобатбардош хомашё етиштиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон селекциясига мансуб жами 100 та узум навининг генетик хусусиятлари геном даражасида ўрганилди. Ушбу тадқиқотлар маҳаллий узум навларининг генетик хилма-хиллигини сақлаш, қимматли белгиларни аниқлаш ва истиқболли янги навларни яратиш учун илмий асос бўлиб хизмат қилади.

Марказ ишланмалари халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Жумладан, 2026 йил июль ойида Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида ўтказилган “KIWIE-2026” халқаро ихтиролар кўргазмасида Марказ олимлари томонидан тақдим этилган учта инновацион ишланма олтин медаль билан тақдирланди. Улар орасида “Бисёр” картошка нави, “Баркамол” нави ҳамда биотехнологик генетик конструкция мавжуд.
– Геномика ва биотехнология соҳасидаги тадқиқотларнинг асосий мақсади фақат янги генларни аниқлаш ёки лабораторияда тажрибалар ўтказиш билан чекланмайди, – деди Забардаст Бўриев. – Уларнинг муҳим вазифаси илмий натижаларни амалий селекцияга татбиқ этиш, юқори ҳосилдор ва чидамли навлар яратиш орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барқарорлигини таъминлашдир. Маҳаллий шароитга мослашган, касалликлар ва иқлим стрессларига чидамли экин навларини яратиш озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, импортга қарамликни камайтириш, маҳсулот сифатини ошириш ва аграр соҳанинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун янги имкониятлар очади.
Анжуманда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази замонавий илм-фан ютуқларини мамлакат қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш, миллий генетик ресурсларни сақлаш ва биотехнологик инновацияларни ривожлантириш йўналишида ўз илмий фаолиятини давом эттирмоқда.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА