Интеграциялашган АЭС қандай афзалликларга эга? (+видео)
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон ва Россия Президентлари мамлакатимизда атом электр станциясининг биринчи энергия блоки қурилишига старт берди.
Шу муносабат билан Жиззах вилояти Фориш туманида тантанали тадбир ташкил этилди. Унда “Ўзатом” агентлиги, “Росатом” давлат корпорацияси, Халқаро атом энергияси агентлиги масъуллари, соҳа мутахассислари, талабалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир доирасида иштирокчиларнинг мазкур лойиҳанинг аҳамияти ва истиқболлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.
Азим Аҳмедхўжаев – “Ўзатом” агентлиги директори:
– Мазкур лойиҳа Ўзбекистон энергетика тизимини янада диверсификация қилиш, аҳолини барқарор ва экологик тоза энергия билан таъминлаш ҳамда мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, атом энергетикаси соҳасининг ривожланиши юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илғор технологияларни жорий этиш ва мамлакат саноат салоҳиятини оширишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Президентимиз ташаббуси билан интеграциялашган атом электр станцияси лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унга кўра, иккита йирик ва иккита кичик реактор бир ҳудудда жойлаштирилиб, электр энергиясини узлуксиз ишлаб чиқариш таъминланади.
Имзоланган шартномага мувофиқ, лойиҳанинг базавий (умумий) қиймати 9,5 миллиард долларни ташкил этади. Молиялаштириш манбалари юзасидан яқин вақтларда БРИКСнинг Янги тараққиёт банки билан музокаралар олиб борилади. Шунингдек, бошқа халқаро молиявий институтлар ва ҳамкор давлатлар билан ҳам мулоқотлар давом этмоқда. Лойиҳани молиялаштиришда маҳаллий маблағлар ҳам иштирок этади, бироқ асосий қисми кредит ресурслари ҳисобига қопланиши режалаштирилган. Жумладан, маблағларнинг 85-90 фоизини ташқи молиявий манбалардан жалб қилиш кўзда тутилган.
Халқаро ҳамкорлар ва консалтинг компаниялари иштирокида ўтказилган ҳисоб-китобларга кўра, мазкур лойиҳага киритиладиган инвестициялар узоқ муддатли истиқболда мамлакат иқтисодиётига 165 миллиард доллардан ортиқ иқтисодий самара келтириши кутилмоқда. Шу жиҳатдан у юқори самарадорликка эга стратегик ташаббус ҳисобланади.
Шу билан бирга, лойиҳани амалга ошириш жараёнида маҳаллийлаштириш даражасини 30 фоизгача етказиш режалаштирилган.
Рафаэль Гросси – Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори:
– Бу, аввало, Ўзбекистон учун муҳим воқеадир. Чунки мамлакатда илк бор атом энергетикаси лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг ўзига хослиги шундаки, лойиҳа кичик ва йирик қувватли реакторларни бирлаштиради. Шунингдек, у дунёдаги етакчи технология етказиб берувчилардан бири бўлган “Росатом” билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Менимча, бу жуда самарали ва истиқболли ҳамкорлик намунасидир.
Халқаро атом энергияси агентлиги учун энг муҳим жиҳат лойиҳанинг хавфсизлик, муҳофаза ва ядровий қурол тарқатмаслик бўйича халқаро талабларга тўлиқ риоя этган ҳолда амалга оширилишидир. Бу ёндашув “Росатом” томонидан турли давлатларда амалга оширилган лойиҳаларда ҳам ўз тасдиғини топган.
Биз Ўзбекистонни узоқ йиллардан буён қўллаб-қувватлаб келамиз. Чунки атом электр станциясини қуриш ва уни самарали бошқариш учун замонавий инфратузилма, мустақил ва юқори малакали ядровий назорат органи ҳамда давлат раҳбариятининг қатъий сиёсий иродаси талаб этилади.
Юртингизда ана шу омилларнинг барчаси мавжуд. Шу боис мазкур лойиҳа жуда долзарб ва ўз вақтида бошланмоқда, деб ҳисоблайман. Бугунги кунда атом энергетикасига қизиқиш бутун дунё бўйлаб ортиб боряпти. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг энергетика манбаларини диверсификация қилиш ва улар таркибига атом энергетикасини киритиш ҳақида қарор қабул қилгани табиий ҳолдир.
Бугун ушбу лойиҳага икки давлат Президентлари расман старт берди. Ишончим комилки, бу сана тарихда муҳим воқеа сифатида муҳрланади.
Павел Безруков – Ўзбекистондаги АЭС қурилиши лойиҳаси директори:
– Бугун биз тарихий воқеанинг гувоҳи бўлдик. Айни пайтда дунёда илк бор барпо этилаётган интеграциялашган атом электр станциясининг пойдеворига биринчи бетон қуйилди.
Интеграциялашган атом электр станцияси ҳар бири 55 мегаватт қувватга эга бўлган иккита кичик энергоблок ҳамда ҳар бири 1000 мегаватт қувватли иккита йирик энергоблокдан ташкил топади. Бу ечим кичик қувватли блоклар орқали тизимнинг мослашувчанлигини йирик қувватли блоклар ҳисобидан эса барқарор электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлайди.
Мазкур лойиҳа кичик ва йирик қувватли атом энергетикасининг энг яхши жиҳатларини ўзида мужассам этган ноёб ечим ҳисобланади. Энергоблоклар доимий равишда бир вақтнинг ўзида ишлайди. Бироқ электр тармоғидаги юклама ўзгарганда, кичик қувватли блокларнинг иш режими мослаштирилади. Натижада тармоқдаги юклама ва электр токи частотасининг барқарорлиги таъминланади.
Бу атом энергетикаси соҳасида қўлланилаётган яна бир инновацион ечимдир. Шунингдек, лойиҳада қуруқ совитиш минораларидан фойдаланилади. Ушбу технология деярли қўшимча сув талаб қилмайди ва станция эҳтиёжлари учун республика сув ресурсларидан фойдаланиш заруратини сезиларли даражада камайтиради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6nQbV4S4_7A" title="Pavel Bezrukov – O`zbekistondagi AES qurilishi loyihasi direktori:" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева,
Абдужалол Қаюмов,
Дониёр Ёқубов (видео),
Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА