Нукус туманида “Адолат сайли” ташкил этилди
“Адолат сайли” ҳуқуқий тарғибот ва маърифий тадбирлари доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида фуқаролар учун сайёр қабул ўтказилди.
Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мурожаатларни бевосита жойларда ўрганиш ҳамда ёшларни ижтимоий-ҳуқуқий жараёнларга фаол жалб этиш мақсадида ташкил этилган лойиҳада Тошкент давлат юридик университети ректори Бахшилло Хўжаев, университет жамоаси ҳамда талабалар иштирок этди.

Сайёр қабул жараёнида фуқароларнинг ер, кадастр, солиқ, кредит, коммунал хизматлар ва бошқа йўналишлардаги мурожаатлари тингланди. Тадбир давомида 20 дан ортиқ мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 12 таси жойида ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали ҳал этилди. 8 та мурожаат эса тегишли тартибда назоратга олинди.
Шунингдек, Тошкент давлат юридик университети талабалари томонидан аҳолига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Фуқаролар тегишли ташкилот ва хизматларга йўналтирилди. Тадбир иштирокчиларига сайёр давлат хизматларидан фойдаланиш, адвокат, ҳуқуқшунос, нотариус ва медиатор хизматлари ҳақида маълумот берилди.

“Адолат сайли” доирасида ташкил этилган кўргазмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг махсус техникалари ва хизмат воситалари намойиши, спорт тадбирлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шу билан бирга, талабалар томонидан “Тенгдошимга ҳуқуқий ёрдам”, “Менинг маҳалламда жиноят бўлмайди” ҳамда “Мамлакатимиз келажаги – қонунга итоаткор ва ҳуқуқбузарликка тоқатсиз ёшлар билан” ғоялари асосида тарғибот тадбирлари ҳам ўтказилди.
Ушбу ташаббуслар ёшлар орасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, қонунга ҳурмат ва масъулият ҳиссини кучайтиришга хизмат қилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.