Инсон ҳаёти ва саломатлигини асраш йўлидаги ислоҳатлар
Инсон саломатлиги — унинг фаровон ҳаёти, оила хотиржамлиги ва жамият тараққиётининг муҳим омили. Шу боис соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳар бир ислоҳот, аввало, инсон ҳаёти ва саломатлигини асраш, тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш ва сифатини оширишга қаратилмоқда.
Сўнгги йилларда Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш тизимига 170 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, 9 та янги поликлиника ва шифохона барпо этилди, 30 та тиббиёт муассасаси реконструкция қилиниб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Натижада бирламчи тиббий ёрдам имкониятлари 60 фоизга ошди.
Илгари асосан пойтахтда кўрсатиладиган 350 дан ортиқ юқори технологияли диагностика ва даволаш хизматлари ҳудудларда ҳам йўлга қўйилди. Айрим туманларда буйрак кўчириб ўтказиш амалиётининг жорий этилгани тиббий хизмат имкониятлари кенгаяётганидан далолатдир.
Профилактика ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бирламчи тиббий бўғинда 6 турдаги скрининг йўлга қўйилиб, текширувлар натижасида минглаб фуқароларда қандли диабет, юрак-қон томир ва онкологик касалликлар эрта босқичда аниқланди. Тез тиббий ёрдам тизимида ҳам самарадорлик ошди. Чақирувларга етиб бориш вақти 25–30 дақиқадан 10–15 дақиқага қисқарди. Электрон рецепт тизими эса ортиқча дори воситалари тайинланишини 35 фоизга камайтирди.
Айни пайтда рақамлаштириш жараёнлари ҳам изчил давом этмоқда. 265 та тиббиёт муассасаси ягона маҳаллий тармоққа уланган бўлиб, 3,1 миллиондан ортиқ фуқаронинг электрон тиббий маълумотлари шакллантирилди.

2026 йилда юрак хуружи ва инсультга қарши курашиш бўйича миллий дастур доирасида 30 ёшдан юқори аҳоли ўртасида хавф омилларини аниқлаш, эрта диагностика ва “олтин соат” тамойили асосида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кучайтирилмоқда.
Шу билан бирга, тиббиётда янги бинолар ва замонавий ускуналарнинг ўзи етарли эмас. Асосий масала улардан самарали фойдаланиш, малакали кадрлар билан таъминлаш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатишдир. Шу нуқтаи назардан, кейинги босқичда тиббий муассасалар фаолиятини баҳолашда маблағ сарфи эмас, аниқ натижа асосий мезон бўлиши керак. Зеро, ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси янги бино ёки рақамларда эмас, балки беморнинг ўз вақтида сифатли даволаниши, мураккаб амалиёт учун пойтахтга бориш зарурати камайиши ва ҳар бир инсонга муносиб тиббий хизмат кўрсатилишида намоён бўлади.
Шу нуқтаи назардан, депутатлар олдида турган вазифа ҳам аниқ — қонунлар ва давлат дастурларининг ижросини нафақат қоғозда, балки ҳудудлардаги ҳақиқий натижалар орқали баҳолаш. Аҳоли мурожаатлари, тиббий хизмат сифати, дори таъминоти, шифокорларнинг меҳнат шароити ва соҳага ажратилаётган маблағларнинг самарадорлиги доимий эътиборда бўлиши зарур.
Зулфия Ҳакимова,
Халқ депутатлари Тошкент вилояти
Кенгаши депутати,
ЎзА