“Информатикачи” устозлар синовдан ўтмоқда
Хоразмда информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари учун малака яъни тест синовлари бошланди.
Урганч шаҳридаги 17-умумтаълим мактаби базасида ташкил этилган “Билим ва малака синов маркази”да ташкил этилган мазкур синовлар педагогларнинг касбий салоҳиятини аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

Хоразм вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотига кўра, информатика фани ўқитувчилари учун ташкил этилган синовларда жами 579 нафар педагог иштирок этмоқда.

– Тест саволларининг тузилишига педагогларнинг нафақат назарий билимлари, балки касбий маҳорати ва тезкор фикрлаш қобилияти ҳам синовдан ўтказилмоқда, – дейди Хоразм вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Турсунбек Нурметов. – Мазкур жараён шунчаки навбатдаги тест синови эмас, балки таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш ва ўз устида ишлаётган изланувчан устозларни қўллаб-қувватлаш йўлидаги муҳим қадамдир.

Тест синовлари жараёнларининг очиқлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида марказда барча зарур шарт-шароитлар яратилган бўлиб, синовлар замонавий техник воситалар ёрдамида қатъий назорат қилинмоқда. Шунингдек, жараёнларни махсус ҳавола орқали интернетда тўғридан-тўғри кузатиб бориш имконияти ҳам мавжуд.
Зеро, жамиятнинг эртанги куни бевосита бугунги ўқитувчининг салоҳияти ва замонавий билимларни қай даражада эгаллаганига боғлиқ.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири