Балиқчилик тармоғини ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди
Сирдарё вилоятида балиқчилик тармоғини ривожлантириш, маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш орқали мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мирзаобод туманида ўтказилган амалий семинарда соҳа олдида турган вазифалар, тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Унда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири ўринбосари Миролим Каримов, Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Нуркамол Атақулов, вилоят прокурори ўринбосари Шерзод Ортиқбоев, вилоят ҳокимининг илмий маслаҳатчиси Нормат Дурдиев, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг вилоят раҳбари Азамат Жўрабоев, Балиқчиликни ривожлантириш маркази вакили Саъдулла Раҳматиллаев, марказнинг вилоят бўлими бошлиғи Ғулом Сулайманов, шунингдек, балиқчилик хўжаликлари раҳбарлари ва соҳа мутахассислари иштирок этишди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 2 июлдаги «Балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг мазмун-моҳияти, унда белгиланган устувор вазифалар ва тадбиркорлар учун назарда тутилган қўллаб-қувватлаш механизмлари хусусида сўз юритилди.
Сув хўжалиги вазири ўринбосари Миролим Каримов балиқчилик тармоғида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, интенсив етиштириш усулларини кенгайтириш ва сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш бугунги куннинг муҳим талабларидан эканини таъкидлади.

— Бугунги кунда балиқчилик соҳасида асосий эътибор мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, интенсив технологияларни кенгайтириш ва маҳсулот етиштириш ҳажмини оширишга қаратилмоқда. Бунда давлат томонидан яратилаётган имтиёз ва қўллаб-қувватлаш механизмларидан самарали фойдаланиш, ҳар бир хўжаликнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш муҳим аҳамиятга эга, — деди Миролим Каримов.
Дарҳақиқат, балиқчиликда анъанавий усуллардан интенсив технологияларга ўтиш мавжуд сув ҳавзаларидан янада унумли фойдаланиш, маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш ва иқтисодий самарадорликни ошириш имконини беради. Бунинг учун сувдаги кислород миқдорини меъёрда сақлаш, сифатли озуқа билан таъминлаш, замонавий ускуналардан фойдаланиш ва етиштириш жараёнларини илмий асосда ташкил этиш муҳим.

Шу нуқтаи назардан қараганда, аэраторлардан фойдаланиш интенсив балиқчиликнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Улар сув таркибидаги кислород миқдорини ошириш, балиқларнинг ўсиши учун қулай муҳит яратиш ва етиштириш самарадорлигини яхшилашга ёрдам беради. Сирдарё вилоятидаги 3 200 гектар балиқчилик майдони учун жами 9 600 дона аэратор харид қилиш белгиланган. Бу сув ҳавзаларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш ва интенсив технологияларни кенг жорий этишга замин яратади.
Соҳада тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Хусусан, ПФ-122-сон Фармонга мувофиқ, муқобил энергия манбалари билан жиҳозланган замонавий аэраторларни харид қилиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 5 миллион сўмдан ошмаган қисмига бир марталик субсидия ажратилиши белгиланган. Мазкур субсидия интенсив усулда гектаридан 10 тоннадан ортиқ балиқ етиштирган тадбиркорлик субъектларига тақдим этилади. Шунингдек, ёпиқ сув айланма тизимларини жорий этиш ва бошқа йўналишларда ҳам компенсация механизмлари назарда тутилган.

Семинарда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларнинг аниқ ҳисобини юритиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Нуркамол Отақулов бу борадаги талабларга тўхталиб, сув ресурслари чекланган шароитда ҳар бир куб метр сувнинг ҳисоби ва назоратини таъминлаш зарурлигини қайд этди.
Таъкидланганидек, балиқчилик хўжаликларида сув олиш ва ундан фойдаланиш жараёнларини тартибга солиш, сув ўлчаш воситаларини ўрнатиш, «Сув ҳисоби» ахборот тизими орқали ҳисоб юритиш ҳамда сувдан фойдаланиш бўйича шартномавий муносабатларни қонунчилик талаблари асосида расмийлаштириш лозим.
Вилоятдаги мавжуд ҳолат таҳлилига кўра, жами 430 та балиқчилик хўжалигининг 348 таси ёки 81 фоизи «Сув ҳисоби» ахборот тизимига киритилган. Уларнинг 308 таси сувдан фойдаланиш бўйича тегишли шартномаларни расмийлаштирган. Қолган хўжаликларни ҳам ахборот тизимига киритиш ва шартномавий муносабатларни тўлиқ йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан бошлаб балиқчилик хўжаликлари ташкил этилган ер майдонларининг сув кириш ва чиқиш қисмларига сувни ўлчаш ва ҳисоблаш воситаларини ўрнатиш мажбурий бўлиши тушунтирилди. Ушбу талаб бажарилмаган тақдирда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси икки баравар оширилиши белгиланган.
Балиқчиликни ривожлантириш маркази вакили Саъдулла Раҳматиллаев соҳада замонавий аквакультура технологияларини жорий этиш, сифатли балиқ чавоқлари ва озуқа базасини мустаҳкамлаш, хўжаликларнинг ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш масалаларига тўхталди. Бунда илмий ёндашув, замонавий ускуналар ва малакали мутахассислар иштирокининг аҳамияти алоҳида қайд этилди.

Марказнинг вилоят бўлими бошлиғи Ғулом Сулайманов ҳудудда балиқ етиштириш бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичлар ва уларга эришиш борасидаги вазифалар хусусида маълумот берди. Қайд этилишича, Сирдарё вилоятида 2026 йил якунига қадар 40 минг тонна балиқ етиштириш режалаштирилган. Бу мақсадга эришиш учун хўжаликларда ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш, интенсив технологияларни ўзлаштириш ва мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш талаб этилади.
Тадбир давомида вилоят ҳокимининг илмий маслаҳатчиси Нормат Дурдиев ҳамда Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг вилоят раҳбари Азамат Жўрабаев ҳам соҳада белгиланган вазифалар ижроси, сув ресурсларидан фойдаланиш қонунчилиги талаблари ва назорат масалалари юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Семинар давомида соҳа вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоб олиш, мавжуд муаммоларни ўртага ташлаш ва уларнинг ечими бўйича таклифлар билдириш имконига эга бўлди.

Якунда аэраторлар билан таъминлаш, сувдан фойдаланиш шартномаларини тўлиқ расмийлаштириш, хўжаликларни ахборот тизимига киритиш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Энг муҳими, балиқчиликда юқори натижаларга эришиш сув ҳавзалари майдони ёки балиқ сони билангина эмас, балки мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини самарали ташкил этиш билан белгиланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири