Имом Бухорий мажмуасига пресс-тур ташкил этилди
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси ва Туризм қўмитаси ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Имом Бухорий мажмуасига пресс-тур ташкил этилди. Мазкур тадбир мамлакатимизнинг бой маънавий меросини кенг жамоатчиликка етказиш, зиёрат туризмини ривожлантириш ҳамда журналистларни амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан таништириш мақсадида ўтказилди.
Пресс-тур давомида журналистлар Президентимиз ташаббуси билан қайта бунёд этилган мажмуанинг янгиланган қиёфаси, яратилган шарт-шароитлар ҳамда бу ерда олиб борилаётган илмий ва маърифий фаолият билан танишди. Ушбу мажмуа нафақат зиёратчилар, балки илм-фан ихлосмандлари учун ҳам муҳим маскан ҳисобланади. Бу ерда буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг бой илмий мероси кенг тарғиб этилмоқда.

Тадбир иштирокчилари мажмуа ҳудудида амалга оширилган кенг кўламли ободонлаштириш ва реконструкция ишлари билан танишар экан, яратилган инфратузилма замонавий талабларга тўлиқ жавоб беришини алоҳида эътироф этди. Хусусан, зиёратчилар учун қулай йўлаклар, ахборот марказлари, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун зарур шароитлар яратилгани ва 9 павильондан иборат инновацион музейда Пайғамбарлар тарихи, Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси, Макка ва Мадинадаги ҳаёти, ҳадисларнинг жамланиши ва ёзилиши ҳақидаги маълумотлар ушбу мажмуанинг ислом илм-фанининг юксак намунаси ва халқаро аҳамиятга эга зиёрат маскани эканидан далолат.
Шунингдек, мутахассислар томонидан мажмуа фаолияти, келгусидаги режалар ва халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Пресс-тур давомида журналистлар сайёҳлар учун яратилган интерактив хизматлар, меҳмонхоналар ва гидлик тизимлари замон талаблари даражасида йўлга қўйилганини қайд этди. Олиб борилаётган бундай улкан бунёдкорликларни мамлакатда маданий меросни асраш борасидаги изчил сиёсатнинг амалий ифодаси сифатида баҳолади.

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси ва Туризм қўмитаси томонидан келгусида тизимли равишда Ватанимизнинг тарихий обидаларига ва туризм масканларига ОАВ вакиллари иштирокида пресс-турлар ташкил этилиши режалаштирилган. Бундай пресс-турлар бой тарихий меросимизни кенг тарғиб этибгина қолмай, туризм салоҳиятини ҳам сезиларли даражада оширади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА