Илоннинг боши қаерда?
Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги янги қонун ва жамиятнинг маънавий масъулияти
Ўзбек халқини болажон халқ дейишади. Бу гап мақтов учун тўқилмаган. Бизда азалдан «боланинг бегонаси бўлмайди» дейилади. Кўчада йиғлаб турган бировнинг боласини кўрган одам индамай ўтиб кетолмайди. Маҳалладаги ҳар бир катта ҳар бир кичикка ота ёки она кўзи билан қарайди. Шунинг учун ҳам 2026 йил сентябрида Наманган вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотида беш ёшли қизалоққа нисбатан содир этилган қабоҳат ҳақидаги хабар бутун мамлакатни ларзага солди. Ижтимоий тармоқлардан тортиб маҳалла гузаригача, оддий онадан тортиб давлат раҳбариятигача жамиятнинг барча қатламлари бир овоздан муносабат билдирди.
Давлатнинг жавоби кечикмади. Жиноят иши қўзғатилди, гумонланувчи шу куннинг ўзидаёқ ушланди, тергов устидан назоратни Бош прокурор шахсан ўз зиммасига олди. Президент Администрацияси раҳбари жиноятчи қонундаги энг оғир жазога тортилишини, норасида болани асрай олмаган барча масъуллар ҳам жавоб беришини маълум қилди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги барча давлат боғчалари ходимларини текширишга киришди. Болалар омбудсмани эса жамоатчиликни тасдиқланмаган хабарларни тарқатмасликка чақирди. Бу чақириқнинг аҳамияти катта. Жабрланган боланинг шаъни ҳар бир ўйламай қилинган «репост» билан қайта-қайта топталади.
Шу кунларда қабул қилинган қарорлар орасида биттаси алоҳида эътиборга лойиқ. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги қизалоқ ва унинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилишини, уй-жой ва реабилитация билан таъминланишини, онасига ўқиш ва ишга жойлашишда кўмак берилишини, зарур бўлса, фамилиясини ўзгартиришга ҳам ёрдам кўрсатилишини маълум қилди. Бағри тилка-пора бўлган она ва ҳали ўзини таниб улгурмаган мурғак учун бу одамларнинг ачиниш ва қизиқиш аралаш нигоҳларидан, «ана, ўша бола» деган пичир-пичирлардан холи янги ҳаёт бошлаш имкониятидир. Виктимологияда «иккиламчи жабрланиш» деган тушунча бор. Жабрдийда жиноятнинг ўзидан кейин атрофдагиларнинг муносабати туфайли яна азият чекади. Оилани ана шу иккинчи жароҳатдан асраш энг оқилона ва одил қарор бўлди.
Қонун нимани ўзгартирди?
Наманган воқеаси жамиятда анчадан бери етилиб келаётган саволни кескин кўндаланг қўйди. 2026 йил 30 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, 2 октябрда Сенат томонидан маъқулланган «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун 14 октябрда Президент томонидан имзоланди. Ҳужжат бешта кодекс ва олтита қонунга ўзгартириш киритади. Унинг муқаддимасида Ўзбекистоннинг Богота ҳаракатлар чақириғига қўшилгани, Болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш бўйича глобал альянсга аъзо бўлгани ва 2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқлангани қайд этилган.
Жиноят кодексидаги ўзгаришлар энг кўп муҳокама қилинмоқда. Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш (118-модда тўртинчи қисми) ва шундай болага нисбатан жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш (119-модда тўртинчи қисми) учун жазо ўн беш йилдан йигирма беш йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш этиб белгиланди. Вояга етмаганларга қарши бундай жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш муддати қўлланилмайди. Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва жазони енгиллаштириш истисно этилди.
Бироқ қонуннинг қиммати фақат жазо муддатларида эмас. Жиноят-процессуал кодексига кўра, жинсий зўравонликка оид ишларда вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳга давлат ҳисобидан адвокат бириктирилади. Жиноят ота-она ёки яқин қариндош томонидан содир этилган бўлса, барча процессуал ҳаракатларда васийлик ва ҳомийлик органи вакили иштирок этади. Бола билан гумонланувчини юзлаштириш фақат алоҳида қарор асосида ўтказилади. Меҳнат кодексига болага нисбатан зўравонлик учун жавобгарликка тортилган таълим ходими билан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қўшимча асоси киритилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс эса болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборот маҳсулотини тайёрлаш ва тарқатиш учун янги 189.3-модда билан тўлдирилди. Бу охирги норма мавзуимиз учун айниқса муҳим, унга яна қайтамиз.
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева қонуннинг руҳини қисқа ва аниқ ифодалади:
«Ёш болага нисбатан зўравонликка асло тоқат қилиб бўлмайди, жазо эса муқаррар ва муросасиз бўлиши шарт... Ёш боланинг хавфсизлиги шарт-шароит ёки вазиятларга боғлиқ бўлиши мумкин эмас».
Жазонинг оғирлиги ва муқаррарлиги
Бундан икки ярим аср олдин италиялик ҳуқуқшунос Чезаре Беккариа «Жиноятлар ва жазолар ҳақида» асарида жиноятни тўхтатадиган нарса жазонинг шафқатсизлиги эмас, балки унинг муқаррарлиги эканини ёзган эди. Мўътадил, лекин албатта келадиган жазо оғир, аммо қочиб қутулиш мумкин бўлган жазодан кўра кучлироқ таъсир қилади. Янги қонуннинг энг теран жиҳати ҳам шу ерда. Йигирма беш йил ёки умрбод қамоқ ҳақидаги хабар жамиятнинг адолатга бўлган ташналигини қондиради. Лекин жавобгарликка тортиш муддатининг бекор қилиниши, енгиллаштирувчи ҳолатларнинг инобатга олинмаслиги жиноятчига «йиллар ўтса, унутилади» деган умид қолдирмайди. Бу энди жазонинг муқаррарлигидир.
Шу билан бирга, ҳар қандай жазо жиноят содир бўлганидан кейин ишга тушади. У содир бўлган қабоҳатга жавоб беради, лекин бола аллақачон жароҳатланган бўлади. Очиқ айтиш керак, ҳозирча биз илоннинг думини кесяпмиз. Ҳар бир фожиадан кейин жазо кучаяди, жамият бир-икки ҳафта ларзада юради, кейин ҳаёт ўз изига тушади ва навбатдаги хабаргача ҳамма нарса унутилади. Думи кесилган илон эса ўлмайди, у инига кириб, фурсат пойлайди. Илоннинг бошини янчмагунча бу айланма давом этаверади.
Жамият уйғонганда – халқаро сабоқлар
Болага қарши жиноят жамиятни қандай оёққа турғизиши мумкинлигини жаҳон тарихи кўп марта кўрсатган. 1995 йил 4 сентябрда Япониянинг Окинава оролида уч нафар америкалик ҳарбий хизматчи 12 ёшли қизчанинг номусига тегди. Бу жиноят бутун Окинавани ҳаракатга келтирди. Ўша йилнинг 21 октябр санасида Гинован шаҳрида 85 мингга яқин одам намойишга чиқди. Губернатор Масахидэ Ота ҳарбий база ерлари бўйича ҳужжатларни имзолашдан бош тортди. АҚШ Президенти Билл Клинтон ва Япония Бош вазири Рютаро Хашимото учрашувида оғир жиноятларда гумонланувчиларни айблов эълон қилингунга қадар япон томонига топшириш масаласи кўриб чиқиладиган бўлди. Икки давлат Окинава зиммасидаги ҳарбий юкни камайтириш йўлларини излашга мажбур бўлди. Япониянинг ўзида эса кейинги йилларда зўрлаш учун жазо оғирлаштирилди. 2023 йилда жинсий розилик ёши 13 ёшдан 16 ёшга кўтарилди.
Иккинчи мисол қўшни Қозоғистондан. 2020 йил июлида Сатпаев шаҳрида беш ёшли қизча йўқолиб қолди ва уни маҳаллий аҳолидан бирининг хонадонидан топишди. Ғазабланган аҳоли гумонланувчини ўзларига топширишни талаб қилиб кўчага чиқди. Тартибсизликлар бошланди, полиция ходимлари жароҳатланди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев терговни шахсий назоратга олди. Сенат раиси Маулен Ашимбаев эса халқнинг норозилиги ўринли эканини, бироқ жазо фақат қонун асосида берилиши кераклигини таъкидлади. Бу воқеа кейинчалик Қозоғистонда болаларга қарши жиноятлар учун жавобгарликни кескин кучайтиришга туртки бўлди. Ундан чиқадиган сабоқ эса бундай. Жамиятнинг ҳақли ғазаби қонун ўзанига йўналтирилмаса, у ўзбошимчалик ва ўз-ўзини суд қилишга айланиши мумкин.
Корея Республикасида 2008 йилда саккиз ёшли қизчага нисбатан содир этилган ваҳшийлик ва жиноятчига тайинланган 12 йиллик жазо халқнинг кучли норозилигига сабаб бўлди. Натижада 2011 йилда 16 ёшга тўлмаган болаларга қарши жинсий жиноят содир этганларга нисбатан кимёвий кастрация қўллашга рухсат берувчи қонун кучга кирди. Шу билан бирга, бундай шахслар электрон кузатув билагузуги ва очиқ реестр орқали назоратда сақланади. АҚШда 1990 йилларда «Меган қонуни» билан жинсий жиноятчиларнинг очиқ реестри жорий қилинди. 2005 йилда Флоридада қабул қилинган «Жессика қонуни» эса 12 ёшгача бўлган болага нисбатан жинсий жиноят учун камида 25 йиллик қамоқни белгилади.
Бу мисолларнинг барчасида бир хил манзара кўринади. Фожиа, халқ ғазаби, жазонинг кескин кучайиши. Аммо жаҳон статистикаси жазонинг ўзи муаммони ҳал қилмаслигини кўрсатади. ЮНИСЕФ маълумотига кўра, бугун ер юзида яшаётган 370 миллиондан ортиқ қиз ва аёл, яъни ҳар саккиз нафардан бири 18 ёшга тўлгунга қадар зўрлаш ёки жинсий тажовузга дучор бўлган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти болаларга қарши зўравонликка чек қўйиш учун ишлаб чиққан INSPIRE стратегиясида еттита йўналишни кўрсатади. Қонунларни жорий этиш ва ижро этиш, ижтимоий меъёр ва қадриятлар, хавфсиз муҳит, ота-оналарга кўмак, оилаларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш, жабрдийдаларга хизмат кўрсатиш ҳамда болаларга ҳаётий кўникмаларни ўргатиш. Қонун бу еттиликнинг фақат биттаси, қолган олтитаси жамиятнинг маънавий ҳаётига тегишли.
Муаммонинг илдизи эса оғриқ ҳисси ўтмаслашганда
Афсуслар бўлсинки, болаларга нисбатан зўравонлик ҳақидаги хабарларнинг оммавий ахборот воситаларида тез-тез ёритилаётгани, ижтимоий тармоқларда бундай хабарлар кун сайин кўпайиб бораётгани дилни хира қилади. Лекин ундан ҳам ташвишлироқ ҳолат бор. Ижтимоий тармоқларда «ўгай акаси номусига теккан қиз», «ўз отам номусимга тегди», «ўгай қизининг номусига теккан ота» мазмунидаги сериаллар, саҳналаштирилган видеолар ва «ҳаётий ҳикоялар» тобора кўпаймоқда. Ахборот маконида маълум ҳақиқат бор. Бундай контентнинг томошабини яхши, тарбиявий контентга қараганда бир неча баробар кўп. Алгоритм эса кўп кўрилган нарсани яна кўпроқ одамга етказади.
Америкалик тадқиқотчи Жорж Гербнер ўтган асрнинг 70-йилларидаёқ «культивация назарияси»ни илгари сурган эди. Унга кўра, экрандан узоқ вақт давомида такрор-такрор кўрилган манзаралар инсоннинг воқеликни қандай тасаввур қилишини секин-аста ўзгартиради. Альберт Бандура тажрибалари эса болалар кўрган хатти-ҳаракатни, айниқса, у жазосиз қолган бўлса, тақлид орқали ўзлаштиришини исботлаган. Психологияда бу жараён десенсибилизация, яъни сезувчанликнинг пасайиши деб аталади. Бир марта эшитилган даҳшатли хабар юракни ларзага солади. Ўнинчи марта эшитилганда эса у шунчаки «яна бир хабар»га айланади. Кишида қабоҳатга нисбатан оғриқ ҳисси ўтмаслашади, у одатий ҳолдек туюла бошлайди.
Криминологлар Жеймс Уилсон ва Жорж Келлинг 1982 йилда «синган деразалар» назариясини таклиф этган эди. Агар бинодаги битта синган ойна вақтида алмаштирилмаса, кўп ўтмай қолган деразалар ҳам синдирилади. Чунки атрофдагилар «бу ерда ҳеч кимга фарқи йўқ» деган хулосага келади. Ахборот муҳитида ҳам худди шундай. Номус, оила, қариндошлик каби муқаддас тушунчаларни ҳазил, томоша ёки «хайп» манбаига айлантирувчи ҳар бир видео “маънавий деворимиздаги битта синган ойнадир”.
Янги қонундаги 189.3-модда шу деразаларни ёпишга қаратилган ҳуқуқий қадамдир. Аммо очиқ тан олишимиз керак. Бу контентни биз ўзимиз кўрамиз, «лайк» босамиз, тарқатамиз. Демак, муаммо фақат кимдир бизга уни тиқиштираётганида эмас, муаммо ўзимизда ҳам бор.
Профилактика маънавий иммунитетдан бошланади
Пайғамбаримиз (с.а.в.) «Кичикларимизга раҳм қилмаган ва катталаримизнинг шарафини танимаган киши биздан эмас», деганлар (Термизий ривояти, 1920-ҳадис). Бу ҳадисда кичикларга раҳм-шафқат биринчи ўринда тилга олингани бежиз эмас. Нельсон Манделанинг «Жамиятнинг қалбини унинг болаларига муносабатидан ҳам аниқроқ кўрсатадиган нарса йўқ» деган фикри ҳам худди шу ҳақиқатни бошқа бир маданият тилида такрорлайди. Илоннинг бошини янчиш ана шу маънавий заминдан бошланади. Бу борада бир неча амалий йўналишни алоҳида таъкидлаш мумкин.
Биринчиси, болалар муассасаларида кадрлар саралови. Наманган воқеасида гумонланувчи тарбиячи эмас, боғчанинг омбор мудири экани маълум бўлди. Демак, болалар билан бир ҳудудда ишлайдиган ҳар бир ходим, у қоровул бўладими, ошпаз ёки омборчими, тарбиячи каби синчковлик билан текширилиши лозим.
Иккинчиси, болага ўз танасининг дахлсизлигини ўргатиш. Бола ёшига мос тилда «яхши ва ёмон тегиниш», «ҳеч ким сенга ота-онангдан сир сақлашни буюра олмайди» каби оддий қоидаларни билиши керак. Зўравонлик кўпинча бола қўрққани ёки нима бўлганини тушунмагани учун узоқ вақт яширин қолади.
Учинчиси, «боланинг бегонаси бўлмайди» тамойилини қайта тиклаш. Маҳалла, қўни-қўшни, мактаб ва боғча жамоаси боланинг хулқидаги кескин ўзгаришни сезиши ва бефарқ қолмаслиги лозим. Янги қонун бу йўлни ҳам очиб берди. Энди хотин-қизлар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳақида мурожаат қилган шахс ўзига жавоб хати юборилмаслигини сўраши мумкин. Бу оила ичидаги зўравонлик ҳақида хабар бераётган қўшни ёки қариндошни ортиқча хавфдан асрайди.
Тўртинчиси, ахборот маданияти ва медиа этикаси. Журналист ва блогер бундай воқеаларни ёритганда жабрдийданинг шахсини, яшаш жойини, тафсилотларни ошкор қилмаслиги, ҳар бир хабарни «томоша» эмас, «огоҳлантириш» тарзида бериши керак. Ота-оналар эса фарзанди телефонда нимани кўраётганидан бехабар қолмаслиги лозим. Биз кўрмаган, «лайк» босмаган контент алгоритм орқали тарқалмайди.
Бешинчиси, жабрдийдага узоқ муддатли кўмак. Жиноятчига суд ҳукми чиқарилгач, жамиятнинг эътибори одатда сўнади. Бола ва унинг оиласи эса руҳий жароҳат билан йиллар давомида яшайди. Психолог ёрдами, оилани ижтимоий қўллаб-қувватлаш, боланинг янги муҳитда тенгдошлари орасида эркин ўсиши учун шароит яратиш бир неча ҳафталик эмас, бир неча йиллик иш бўлиши керак. Янги қонун билан жорий этилган давлат ҳисобидан юридик ёрдам ҳам айнан шу мантиққа хизмат қилади. Наманганда кўрилган чоралар бу йўлда яхши намуна бўла олади. Энди бу ёндашув шу каби ҳолат содир этилса, хабар ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлган-бўлмаганидан қатъи назар, қўлланилиши муҳим. Зеро, жамиятнинг ҳақиқий юзи шовқин тинганидан кейин кўринади.
Сўнгги сўз ўрнида
Янги қонун ҳуқуқий бўшлиқларни ёпди. Жиноятчи энди на муддат ўтишига, на енгиллаштирувчи ҳолатларга, на шартли ҳукмга умид боғлай олади. Бу илоннинг думини эмас, ҳеч бўлмаганда танасини кесадиган қадам. Лекин илоннинг боши бошқа жойда. У бефарқликда, «менга нима» деган сукутда, қабоҳатга кўникиб борувчи кўзларимизда, кўп кўрилгани учун тарқалаётган бузуқ контентларда. Уни ҳеч бир кодекс моддаси ёлғиз ўзи янча олмайди. Буни фақат «боланинг бегонаси бўлмайди» деган азалий ҳикматни яна ҳаётимиз қоидасига айлантирган жамият уддалай олади.
Давлат ўз сўзини айтди.
Энди ҳаракат навбати бизда! Ҳар бир ота-она, ҳар бир маҳалла, ҳар бир муаллим ва ҳар бир смартфон эгасида.
Нигора ХУСАНОВА,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти
катта илмий ходими, доцент