Чўпон отада “Дўстлик боғи” ташкил этилди
Самарқанд шаҳрининг Чўпон ота тепаликларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбири ўтказилди.
Юртимиз бўйлаб ўтказилаётган “Бағрикенглик ҳафталиги” муносабати билан ташкил этилган тадбирда вилоятдаги жамоат ташкилотлари, исломий ва ноисломий диний ташкилотлар, миллий маданий марказлар вакиллари, нуронийлар ва ёшлар қатнашди.

Иштирокчилар тепаликда 1500 тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экиб, юртимизни боғу бўстонга айлантиришга ҳисса қўшди.
– Мазкур ташаббусдан кўзланган асосий мақсад жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, атроф-муҳитни асраш ҳамда ҳудудларни янада обод ва кўкаламзорлаштиришга ҳисса қўшиш эди, – дейди Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг вилоят бўлими раҳбари Достон Маликов. – Вилоятимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари, фаоллар бундай эзгу ташаббусларни қўллаб-қувватлашларини билдириб, кўчат экилган ҳудудни “Дўстлик боғи” деб номлаш таклифини билдирди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири