Илм билан амалиёт бирлашганда хатоларга кам йўл қўйилади (+видео)
Агросаноатни ривожлантириш агентлигида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда 2026 йил I ярим йилликда қилинган ишлар хусусида журналист ва блогерларга батафсил маълумот берилди.
Баъзида йўл бўйида қуриб бораётган дарахтларга, боғларга кўзимиз тушади. “Эссиз, сувсизликдан қуриб қолдимикан ё касалликликданми?” деган фикр ҳаёлимизга келади. Лекин соҳа мутахассислари таҳлил қилганда боғлар навни ер хусусиятидан келиб чиқиб тўғри танламасликда, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва тўғри ташкил этилмаганда, ҳаттоки боғни “бўктириб” суғорганда ҳам қуриб қолиши мумкин экан. Хуллас, бугун барча соҳада мақсадга эришиш учун фақат илм ва инновация керак. Фермер, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари ва боғбонларга соҳа сирларини ўргатишда, инновациялар билан “қуроллантиришда” Агросаноатни ривожлантириш агентлиги мутахассислари томонидан яқиндан кўмак кўрсатиб келинмоқда.
Агросаноатни ривожлантириш агентлигида 2026 йил I ярим йиллик натижаларига бағишланган матбуот анжуманида бу ҳақида батафсил маълумот берилди.
Жумладан, агентлик томонидан 2026 йилнинг 6 ойлик натижаларига кўра 18.1 минг гектар мевали боғ ва узумзор барпо этишни мақсад қилиб, амалда 19 минг гектардан ошди. Шунингдек, иқтисодий жиҳатдан самарасиз ҳамда кам ҳосилли боғ ва узумзорларни янгилаш бўйича салкам 20 минг гектар режага киритилган бўлса, амалда 22 минг гектардан зиёди реконструкция қилинди. Янги барпо этилган интенсив боғ ва токзорларда 5 минг гектардан зиёд майдонда томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинди. Боғ ва иссиқхоналарни барқарор сув билан таъминлаш мақсадида 177 та қудуқ ва насос станциялари ташкил этилди.
Фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида 552 гектар майдонда малина, ежевика, голубика ва қулупнай каби резавор экинлар экилишида яқиндан кўмаклашишди. Агентлик томонидан 7 минг гектар майдонда барпо этиладиган интенсив боғ ва токзорлар учун 423 та техник шарт ҳамда техник ҳужжатлар ишлаб чиқилди.
Сўнги 6 ой давомида барча тоифадаги хўжаликларда 1.3 млн тонна мева ҳамда 200 минг тонна узум етиштирилди ва Агрологистика марказлари қувватлари 1.4 млн тонна даражасига етказилди. Мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва қуритиш бўйича амалда 11 та лойиҳа ишга туширилди.
Таъкидландики, агентлик томонидан 2026 йил якунига қадар республика бўйича 26.6 минг гектар интенсив мевали боғ ва узумзорлар барпо этилади, шунингдек, иқтисодий жиҳатдан самарасиз салкам 15 минг гектар боғ ва узумзорлар реконструкция қилинади. Мева етиштириш ҳажми 3.5 млн тонна, узум етиштиришни 2 млн тоннадан ошириш мўлжалланмоқда.
Матбуот анжуманида шунингдек, режалар ҳақида ҳам кенг маълумот берилди. Жумладан, Бектемир туманида 5 гектар майдонда замонавий in-vitro лабораторияси, 50 гектар оналик боғ ва кўчатзор ташкил этиш, хориждан 6 та данаксиз узум навини олиб келиб, in-vitro технологияси асосида сертификатланган кўчатлар етиштиришни йўлга қўйиш, республика кўчатчилик хўжаликларида жами 25 млн дона (18.5 млн дона мева ва 6.5 млн дона ток) кўчат етиштириш режалаштирилгани айтиб ўтилди.
Сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдонларни 12 минг гектарга, қудуқ ва насос станциялари сони эса 235 тага етказилади.
Агентлик томонидан 2026 йилда иссиқхона майдонларини кенгайтириш бўйича умумий қиймати 1 трлн 524 млрд сўм бўлган 62 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилиб, улар доирасида салкам 1.5 минг та янги иш ўрни яратиш назарда тутилган. Ҳозирги кунга қадар 11 та лойиҳа ишга туширилиб, 337 та янги иш ўрни яратилди.
Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоблар берилди.
<iframe width="1335" height="751" src="https://www.youtube.com/embed/h9F90Ftn5G8" title="Ilm bilan amaliyot birlashganda xatolarga kam yo‘l qo‘yiladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Салимжон Обиджонов, ЎзА