Гуруҳ командирлари учун ўқув-услубий йиғин ўтказилди
Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчининг касбий маҳорати, жисмоний чиниққанлиги ва ҳар қандай вазиятда тўғри қарор қабул қилиш қобилияти Қуролли Кучлар жанговар салоҳиятининг муҳим омили ҳисобланади.
Шу мақсадда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида хизмат қилаётган гуруҳ командирлари иштирокида ўқув-услубий йиғин ташкил этилди. Мазкур йиғин гуруҳ командирларининг назарий билимларини мустаҳкамлаш, амалий кўникмаларини янада такомиллаштириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда замонавий жанговар ҳаракатларни бошқариш бўйича малакасини оширишга хизмат қилди.

Йиғин давомида иштирокчилар ҳарбий хизматнинг турли йўналишлари бўйича синовлардан ўтказилди. Жумладан, жисмоний тайёргарлик машғулотларида 100 метрга сузиш, 5 километр масофага югуриш ҳамда бошқа меъёрий машқлар бажарилди. Саф тайёргарлиги бўйича сафда қурол билан ва қуролсиз ҳаракатланиш, буйруқларни аниқ ва мукаммал бажариш кўникмалари баҳоланди.

Тактик-тезкор тайёргарлик машғулотларида жанговар вазиятни таҳлил қилиш, ҳужумни ташкил этишда гуруҳ командирининг вазифалари ҳамда бўлинмаларни бошқариш бўйича амалий машқлар бажарилди. Артиллерия тайёргарлиги йўналишида оловни бошқариш, нишонларни аниқлаш ва ўт очишни мувофиқлаштириш бўйича билим ва кўникмалар синовдан ўтказилди.

Шунингдек, замонавий жанговар ҳаракатларнинг ажралмас қисми бўлиб бораётган учувчисиз учиш аппаратларидан самарали фойдаланиш ва уларни бошқариш, топографик ориентирлаш, жойни аниқлаш ҳамда отиш тайёргарлиги машғулотлари бўйича ҳам тест ва амалий синовлар ташкил этилди. Ҳар бир офицернинг билим даражаси, касбий тайёргарлиги ва бошқарув салоҳияти белгиланган мезонлар асосида баҳоланди.
Йиғин давомида бўлинмаларда соғлом маънавий-руҳий муҳитни шакллантириш, ҳарбий хизматчиларнинг руҳий барқарорлигини ошириш ҳамда мураккаб вазиятларда қатъият билан ҳаракат қилиш кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Психологик тайёргарлик машғулотлари орқали гуруҳ командирларининг стрессга чидамлилиги, сардорлик қобилияти ва шахсий таркиб билан ишлаш маҳорати янада мустаҳкамланди.
Бугунги замонавий ҳарбий хизмат юқори билим, мустаҳкам ирода, жисмоний чиниққанлик ва илғор технологияларни пухта эгаллашни талаб этади. Ана шундай ўқув-услубий йиғинлар гуруҳ командирларининг касбий салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиб, ҳар қандай вазифани юқори масъулият ва фидойилик билан бажаришга тайёр бўлган малакали командирларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири