IHF Trofhi women турнирида U-17 жамоамиз бронза медалига эга чиқди
Болгарияда U-17 ҳамда U-19 аёллар жамоалари ўртасида ўтказилган Халқаро гандбол федерацияси кубогида (IHF Trofhi women) Ўзбекистон U-17 ҳамда U-19 қизлар терма жамоалари халқаро ўйин кўникмасига эга бўлди.
IHF Trofhi women мусобақасининг U-17 тоифасида ҳамюртларимиз Болгария, Канада, Гвинея ва Венесуэла жамоалари билан куч синашди. Ўзбекистон U-19 қизлар терма жамоаси эса Болгария, Канада, Колумбия ҳамда Гвинея термаларига қарши муносиб ўйин кўрсатди.

Халқаро турнирнинг ҳал қилувчи – сўнгги ўйинларида гандбол жамоаларимиз Болгария терма жамоаларига қарши майдонга тушди.
17 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги баҳслар айниқса, кескин ва қизиқарли кечди. Терма жамоамиз болгариялик рақибаларига муносиб қаршилик кўрсатди. Ўйин давомида ҳар икки жамоа ҳам ҳужумкор услубда ҳаракат қилди. Бироқ муросасиз баҳсда ҳамюртларимиз болгарларга 36:37 ҳисоби билан имкониятни бой берди. Умумий ўйинларда тўпланган очколар ҳисобига гандболчи қизларимиз бронза медалини қўлга киритди.

Нуфузли турнирда катта тажриба тўплаган ўсмирлар жамоамиз энди жорий йилнинг июль-август ойларида Руминияда ўтадиган жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
IHF Trofhi women турнирида қатнашган U-19 қизлар терма жамоасининг Болгарияга қарши ўтказган учрашуви жуда шиддатли руҳда кечди. Гандболчи қизларимиз ғалаба учун бор куч ва имкониятларини ишга солди. Бироқ ўйин 33:33 ҳисобида дуранг билан якунланди. Бу, афсуски жамоамизнинг жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш умидини амалга оширишга имкон бермади.
Т.Рўзиев,
ЎзА