Ўзбекистон мактаб ўқувчилари қитъада тенгсиз
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида шахмат бўйича мактаб ўқувчилари жамоалари ўртасида ўтказилган, жаҳон чемпионатига йўлланма тақдим этувчи Осиё саралаш мусобақасида Ўзбекистон ёшлар жамоаси тарихий натижа қайд этиб, қитъа чемпионига айланди.
Ушбу нуфузли мусобақада 19 давлатдан 26 та жамоа иштирок этди. Улар орасида мамлакатимиз шарафини икки жамоа — “WISDOM SCHOOL” ва “AL-KHWARIZMI IT SCHOOL” муносиб ҳимоя қилди. Айниқса, Абдумажид Ботиралиев, Орият Обиджонов, Билолиддин Обидов ва Алишер Абдуқаюмовдан иборат “WISDOM SCHOOL” жамоаси барча ўйинларда деярли устунликни қўлдан бой бермасдан, 8 тур якунларига кўра 228 очко жамғариб, Осиё чемпионлигини қўлга киритди.
Жамоа мусобақа давомида Қирғизистон, Баҳрайн, Янги Зеландия, Россия, Қозоғистон, Ҳиндистон ва Хитой каби давлатларнинг кучли жамоаларини мағлуб этиб, сўнгги турда Олмаотанинг “RPMS ALMATY” жамоасини 4:0 ҳисобида енгди ва чемпионликни ишончли тарзда расмийлаштирди.

Шунингдек, “AL-KHWARIZMI IT SCHOOL” жамоаси ҳам муносиб иштирок этиб, қимматли тажриба тўплади.
Ғалабадан сўнг қаҳрамонлар Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди. Уларни спорт мутасаддилари, мураббийлар, ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакиллари илиқ қаршилади. Ғолиб жамоа аъзолари алоҳида эътироф этилиб, мухлислар олқишига сазовор бўлди.

Мазкур улкан ютуқ Ўзбекистон ёш шахматчиларининг халқаро майдондаги салоҳияти тобора ортиб бораётганини намоён этибгина қолмай, мамлакатимизда интеллектуал спорт турларига қаратилаётган юксак эътибор самараси эканини ҳам яна бир бор исботлади.
Эндиликда “WISDOM SCHOOL” жамоаси жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати финал босқичида нафақат Ўзбекистон, балки бутун Осиё шарафини ҳимоя қилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА