IBM билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов АҚШга хизмат сафари доирасида IBM компаниясининг Глобал венчур капитал бўлими раҳбари ва вице-президенти Эмили Фонтейн билан учрашди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хорижий сармояларни жалб қилиш ва маҳаллий ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар ахборот технологиялари соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш, стартапларни қўллаб-қувватлаш ва инновацион ечимларни жорий этиш борасида ҳам фикр алмашди.
Шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида барпо этилаётган замонавий “яшил” дата-марказлардан самарали фойдаланиш масаласи илгари сурилди. Бу каби марказлар энергия тежамкорлиги, экологик хавфсизлик ва юқори технологик имкониятлари билан ажралиб туради.
Учрашув якунида келгусида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, рақамли инфратузилмани мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистонни минтақадаги IT ва инновациялар марказига айлантириш йўлида қўшма ташаббусларни амалга ошириш муҳим экани таъкидланди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА