АҚШда IT соҳасига ватандошларни жалб этиш масаласи муҳокама қилинди
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг АҚШга амалга оширган хизмат сафари доирасида Вашингтон шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасида ватандошлар, стартап асосчилари ва ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар билан учрашув ўтказилди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда рақамли трансформацияни жадаллаштириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва хориждаги салоҳиятли кадрларни миллий IT экотизимига жалб этишдан иборат бўлди.

Тадбирда вазир Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, устувор йўналишлар ва яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, стартапларни қўллаб-қувватлаш, IT хизматлар экспорт салоҳиятини ошириш ва соҳа учун қулай муҳит яратишга қаратилган ташаббуслар таъкидланди.
IT Park Uzbekistan бош директори Азамат Караматов ташкилот фаолияти ва сўнгги йилларда эришилган натижалар ҳақида тақдимот қилди. У инновацияларни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда IT Park’нинг ўрнини алоҳида қайд этди.

Шунингдек, “Uzbekistan Connect” дастури доирасида ватандошларни “Tech Ambassador” сифатида жалб этиш, инвестицияларни кўпайтириш, IT хизматлар экспортини кенгайтириш ва ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш имкониятлари тақдим этилди.
Учрашув давомида иштирокчилар томонидан қатор муҳим таклифлар илгари сурилди. Улар орасида рақамли таълим платформаларини ривожлантириш, университет ва бизнес ҳамкорлигини кучайтириш, халқаро стажировка дастурларини кенгайтириш, IT маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш, аутсорсинг хизматларини ривожлантириш ҳамда сунъий интеллект шароитида меҳнат бозорини мослаштириш каби йўналишлар бор.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА