Хотин-қизлар муаммолари ва таклифлари ўрганилди
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида “Аёлга меҳр — жамиятга нур” шиори остида сайёр қабул ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Баҳриддин Валиев ва Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Умида Абдуллаева иштирок этишди.
Қабул давомида фуқароларнинг мурожаатлари атрофлича ўрганилди ва уларни қийнаб келаётган муаммолар бўйича чуқур суҳбатлар олиб борилди. Мурожаатлар асосан ижтимоий ҳимоя, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар билан боғлиқ масалаларни ўз ичига олди.

Ҳар бир мурожаат алоҳида кўриб чиқилиб, амалдаги қонунчилик асосида тегишли тушунтиришлар берилди. Қабул иштирокчилари томонидан муҳокама қилинган ҳар бир масала доимий назоратга олинди ва уларни тезкор ҳал этиш учун масъул идоралар аниқ топшириқлар билан таъминланди.

Шунингдек, сайёр қабул жараёнида хотин-қизлар учун ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмлари, бандлик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўналишида амалга оширилаётган давлат дастурлари ҳам кенг тушунтирилди. Бу каби ишларнинг аҳамияти хотин-қизларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, уларнинг муаммоларини самарали ҳал этиш ва жамиятдаги ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.


Қабул якунида масъул ташкилотларга мурожаатларда кўтарилган масалаларни аниқ ва тизимли ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди ҳамда уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди. Бу тадбир хотин-қизларнинг ҳаётий масалаларига эътиборни янада кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим қадам сифатида баҳоланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири