Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаблар аниқланмоқда
Президент соврини учун ўтказилаётган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг Тошкент вилояти босқичига старт берилди.
Жараёнлар Олмалиқ шаҳридаги 16-умумтаълим мактабида бўлиб ўтмоқда. Таъкидлаш лозимки, мазкур танлов таълим тизимида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ва ўқувчиларнинг билим даражасини янада юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Эришилган ютуқлар эса аввало, устозларнинг фидокорона меҳнати, изланишлари ва замонавий таълимга бўлган интилишларининг ёрқин ифодасидир.


– Жорий йил ҳам “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловида қатнашиш учун вилоятимиз бўйича 753 та мактабдан 1 минг 364 нафар ўқувчи рўйхатдан ўтган, – дейди Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси методисти Ғанишер Юсупов. – Улар март ойида туман-шаҳар босқичларида иштирок этган эди. Вилоят босқичига эса 22 та жамоадаги 110 нафар ўқувчи сараланди. Улар бугун 4 та шарт асосида ўз билимларини синовдан ўтказади. Баҳолаш маркази томонидан ҳар бир қатнашчининг натижалари кўриб чиқилади. Ғолиб жамоа танловнинг Республика босқичида Тошкент вилояти шарафини ҳимоя қилади.

Дастлаб танловнинг вилоят босқичи бошланишидан аввал мутахассислар томонидан иштирокчиларга барча шартлар тушунтирилди. Шундан сўнг ёшлар амалий жараёнларга киришди.

– Ўқувчиларимизнинг яхши натижалар кўрсатишига ишонаман, – дейди Оққўрғон туманидаги 23-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Насиба Раҳимжонова. – Белгиланган талабларга асосан танловда 7- ва 9-синфлардан ўқувчилар қатнашади. Бизнинг ҳам 5 нафар билимли номзодларимиз шу босқичгача етиб келди. Бунгача улар жуда кўп тайёргарлик кўришди. Танлов жараёнларини онлайн мониторлар орқали кузатиш мумкин. Бу ҳам бир томондан шаффофлик намунасидир.


Мазкур танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар (вилоят) босқичи ғолиблари 1-ўрин учун 250 миллион сўм, 2-ўрин учун 200 миллион сўм, 3-ўрин учун 150 миллион сўм миқдорида тақдирланади. Республика босқичи ғолиблари 1-ўрин учун 500 миллион сўм, 2-ўрин учун 400 миллион сўм, 3-ўрин ўрин учун 300 миллион сўм миқдорида мукофотланади.
А.Мусаев, ЎзА