Хорижий инвесторлар билан саноат ҳамкорлиги кенгаймоқда
Кимё саноати дунё иқтисодиётининг энг муҳим ва юқори технология талаб қиладиган тармоқларидан бири ҳисобланади. У узлуксиз инновациялар, хомашё базаси, илмий-тадқиқот ишлари ҳамда глобал бозор билан интеграцияни талаб этади.
Шу сабабли, Ўзбекистоннинг йирик саноат корхоналаридан бири бўлган “Навоийазот” АЖ халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва инвестицияларни жалб этиш бўйича тизимли ишлар олиб бормоқда.
Бугун Туркия, Бельгия, Озарбайжон, Россия Федерацияси ҳамда Беларусь Республикасидан келган нуфузли компаниялар вакилларидан иборат бизнес-делегация ташрифи ҳам мазкур мақсадларга қаратилди.
Ташриф давомида меҳмонлар “Навоийазот”нинг ишлаб чиқариш салоҳияти ҳамда замонавий технологик имкониятлари билан яқиндан танишди. Хусусан, поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш жараёнлари уларда катта қизиқиш уйғотди. Хорижий делегация аъзолари маҳсулотларнинг сифати, ишлаб чиқаришда қўлланилаётган технологиялар ҳамда уларнинг халқаро бозордаги рақобатбардошлиги юзасидан мутахассислар билан фикр алмашди.
Мулоқот чоғида инвестиция киритиш, экспорт географиясини кенгайтириш ва ишлаб чиқаришда инновацион ечимларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Хорижий шериклар томонидан билдирилган қизиқиш ва таклифлар келгусида амалий лойиҳаларни йўлга қўйиш учун муҳим аҳамиятга эга.
“Ўзкимёсаноат” АЖ ахборот хизматига кўра, бундай ташрифлар нафақат тажриба алмашишга, балки саноат тармоқларини модернизация қилиш ва глобал иқтисодий интеграцияни кучайтиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА