Хоккейчиларимиз жаҳон чемпионати III дивизионида ғолиб бўлди
Хоккей бўйича Ўзбекистон U18 терма жамоаси Гонконгда ўтказилган жаҳон чемпионати III дивизион “A” гуруҳида ғолибликни қўлга киритди. Мусобақада иштирок этган ёшларимиз барча учрашувларда юқори маҳорат намойиш этиб, турнирни мағлубиятсиз якунлашга муваффақ бўлди.
Сўнгги турда юртимиз хоккейчилари Исроил терма жамоасига қарши майдонга тушиб, 6:3 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. Ушбу натижа жамоамизнинг турнирдаги устунлигини яна бир бор тасдиқлади.
Мазкур муваффақият туфайли Ўзбекистон U18 терма жамоаси келгуси йил жаҳон чемпионати II дивизионининг “B” гуруҳида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА